Маҳалла Самарқанд шаҳрига туташ ҳудудда жойлашган бўлиб, бу ерда кўп миллатли аҳоли яшайди. Мева-сабзавотчилик билан бирга, маиший хизмат кўрсатиш соҳалари кенг ривожланмоқда.
Узумчилик аҳолининг асосий даромадига айланган. Ҳудуддаги 13 та узумчилик фермер хўжаликлари далаларидан ташқари, ҳар бир хонадонда узум етиштирилади. Тухум ва гўштга ихтисослашган иккита товуқ фирмада элликка яқин аҳоли банд. Мева-сабзавотларни сақлайдиган иккита йирик музлаткич ёрдамида аҳоли қиш-баҳор ойларида ҳам сархил мевалар билан таъминланмоқда. Битта колбаса цехи фаолият юритмоқда.
Маҳаллада 34 нафар ёш иш билан таъминланиб, тадбиркорликка қизиққанларга талабларидан келиб чиқиб, товуқ, қўй ва жўжа очиришга мўлжалланган инкубатор ускуналар топширилди.
Йиғиннинг бир қисми Самарқанд шаҳрига туташ бўлса, яна бир қисми 10 километр олисликда, алоҳида қишлоқ сифатида жойлашиб қолган. У ерда 400 дан ортиқ хўжалик яшайди. Шу боис Меҳробод қишлоғи аҳолиси алоҳида маҳалла сифатида ажралиб чиқиш ниятида. Бу борада кўплаб тегишли ташкилотларга мурожаатлар қилинган, бироқ, амалий ечим йўқ. Ушбу масала тезроқ ҳал этилса, маҳалла ходимлари учун ҳам, меҳрободликлар учун ҳам яхши бўларди.
Қолаверса, шаҳарга туташ йиғин ҳудудида кўплаб кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли сони янада ортишига олиб келади. Ҳозир 7 та кўп қаватли уйлар қурилган бўлса, яна 16 та қурилиши режалаштирилмоқда.
Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, аҳолининг талаб ва таклифларини ўрганиш, уларнинг дардларини тинглаш, муаммоларни имкон даражасида жойида ҳал этиш сайёр қабулларнинг асосий мақсади саналади. Яқинда “Паррандачилик” маҳалласида ташкил этилган сайёр қабулда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Унда вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев, туман ҳокими С.Усманов, сектор раҳбарлари халқ дардини тинглади.
Қабулда маҳаллада кўп қаватли уй-жойларнинг хонадон эгаларига мулк ҳуқуқини эътироф этиш, бошқарув сервис компаниялари фаолиятига оид камчиликлар, болалар нафақаси тайинлашда амалий ёрдам сўралди. Ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилди.
Таклиф: Амир Темур кўчаси бўйидаги бўш жойларда туризм соҳасини ривожлантириш учун дам олиш масканлари, тамаддихоналар қуриш лозим…
Манзура МАҲМУДОВА,
Самарқанд туманидаги “Паррандачилик” маҳалласи раиси.