Маҳалла раисларининг орасида 10, 15, 20 йилдан буён лавозимда ишлаб келаётган, ҳаётий тажрибага эга, кайвони, фидойилар кўп. Туман (шаҳар) мулозимлари баъзи маҳалла раисларининг ўғли тенги. Аммо, бошқармага келиб тушаётган мурожаатларга кўра, айрим мансабдорлар маҳалла раисларини ваколатидан ташқари ишларга жалб этиб, шаъни ва қад-қимматини ерга ураётгани каби ҳолатлар учрамоқда.
Биргина мисол, жорий йил 16 ноябрь куни вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилиши режалаштирилган видеоселектор йиғилишида бошқа туман(шаҳар) маҳалла раислари жалб этилмаган бўлса-да, Пастдарғом туманининг 107 та маҳалла раиси соат 7.00да туман ҳокимлигига чақиртирилган. Икки соат ўтач, соат 9.30 ларда селектор йиғилишида қатнашишга мажбурланган. Видеоселектор йиғилишидан сўнг, туман ҳокими, прокурори ва ИИБ бошлиғи раҳбарлигида солиқ қарздорлиги бўйича йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда бирор маҳалла раисининг фикри, изоҳи тингланмаган. Улар гарданига аҳолининг ва нотурар жойлардаги ер, мулк солиғи, ичимлик сувидан қарздорликларни ҳал этиш юкланган. Бу ҳолат бошқа туманларда ҳам авж олмоқда. Умуман олганда, маҳаллий ҳокимликлар маҳалла раисларини текин хизматокр ўрнида кўришмоқда.
Ачинарлиси, йиғилишларда маҳалла раислари қаторида коммунал соҳа бўйича инспекторлар, солиқ ходимлари иштирок этса-да, мансабдорлар маҳалла раисини сўров қилмоқда. Уларга “ҳайфсан” интизомий жазо бермоқда, 30 фоизгача ойлик маошидан ушлаб қолинмоқда. Сўнг аризасини ёзишга мажбурланмоқда.
Маҳалла ўз ўзини бошқарув органи, деймиз. Аммо, уни ҳокимиятга боғлаб қўйганмиз. Ахир маҳалла миллий қадриятларга асосланган бошқарув тизими ҳисобланади-ку?! Қачон фаолиятини ваколати доирасида ташкил этишига имконият яратамиз?
Юсуф САЛИМОВ,
Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси маҳалла институтини ривожлантириш ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи.