Маҳалла ҳудудидаги муаммолар деярли 30 йилдан бери ечимини кутиб ётарди. Ниҳоят 4820 нафар аҳоли яшайдиган маҳалламиз 2022 йилда «Обод қишлоқ» давлат дастурига киритилди. Шу асосида инфратузилма тубдан янгиланиб, аҳолининг турмуши фаровонлашди.
Ҳудудда электр таъминотини яхшилаш, истеъмолчиларга сифатли электр энергияси етказиб бериш мақсадида Ёшлик кўчасида 250 кВа ли янги трансформатор ўрнатилди. Аввал 150 дан зиёд хонадонга 160 кВа ли трансформатор орқали электр токи етказиб берилар эди. Қўшимчасига дастур асосида эски ТП таъмирланди, 62 та темир-бетон таянч ўрнатилди. Натижада, қарийб 450 та хонадонда электр таъминоти яхшиланди. Сартуз қишлоғида мавжуд 250 кВа ли трансформаторнинг «юк»ини енгиллатиш мақсадида 160 кВа ли янги ТП ва 71 дона таянч ўрнатилди. Умумий ҳисобда, 2,7 км. узунликда янги тармоқлар тортилиб, 50 та кўча чироқлари қўйилди.
Бундан ташқари, Бўстон кўчасида 600 метр, Сойбўйи кўчасида 1 км, Фаровон кўчасида 400 метр масофада бетон қопламали ички хўжалик йўллари қурилди. Шунингдек, Навоий кўчасида 400 метрлик йўлга асфальт ётқизилди. Яна 3 км. узунликдаги ички йўллар асфальтланди.
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги муаммоларни ҳал этиш учун 13,8 км. узунликда тармоқ тортилиб, 2 та сув иншооти қурилди. 2 та мавжуд иншоот таъмирланди. Натижада 1 минг 13 та хонадонга обиҳаёт кириб боради.
Ҳудудда жойлашган 34-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти таъмирдан чиқарилиб, замонавий қиёфага келтирилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 341 миллион сўм маблағ сарфланди. Янги ошхона биноси қурилиб, маънан эскирган эшик ва ромлар янгисига алмаштирилди, чегара деворлари тўлиқ таъмирланиб, хоналарнинг пол қисми янгиланди. Янгича кўриниш олган мактабгача таълим ташкилотида 4 та гуруҳ шакллантирилиб, 120 нафар бола қамраб олинди. 21-умумтаълим мактаби ҳам 540 миллион сўм маблағ эвазига таъмирланди.
Ҳа, қилинган ишлар кўнглимизни тоғдек юксалтирди. Аммо яна навбатини кутиб турган кўчаларимизга эътибор зарур. Масалан, ички кўчалар узунлиги 28 км. ни ташкил этса, дастурга кўра, 8 км. асфальтланди. Дастурга кирмаган кўчаларда умуман иш қилинмаган. Бу йил 2 та кўчаларни асфальтлашга доир таклифни “Ташаббусли бюджет”га киритдик. Ҳар икки ҳам 2 мингдан ортиқ овоз олди. Агар 2 мингдан ортиқ овоз олган таклифларга ҳам маблағ ажратилса, ғолиблар сафидан ўрин оламиз.
Яна бир таклифим — ҳудудга хос муаммоларни маҳалла ходимларидан яхши биладиган мутахассис йўқ. Шундай экан, янги ташкил этилаётган “Маҳалла бюджети” маблағлари тақсимотини фуқаролар йиғини ходимларига бериш лозим. Бу маҳалланинг молиявий мустақиллигини таъминлайди.
Маъмуржон МИРЗАЕВ,
Бағдод туманининг “Дашт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.