Маҳалла туман марказидан 16 километр олисда, тоғ этакларида жойлашган. Сўлим табитга эга. Унумдор тупроқ, картошка ва узумбоп. Шу сабаб маҳалла “драйвери” – картошка ва узумчилик. 7 гектар узумзор бор. Аҳоли томорқаларида кўпроқ сабзавот экинлари экади.
Йиғинда ишсизлар йўқ ҳисоб. Фуқароларнинг етмиш фоизи “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги турли ишлаб чиқариш корхоналарида, “Urgaz” гилам фабрикасида, музлаткич заводида меҳнат қилади. 1136 та хонадондан 6-7 тасида бироз қийинчилик бўлмаса, қолганлари рўзғорини обод этиб, фаровон яшамоқда.
Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида маҳаллада инфратузилмалар яхшиланмоқда. Халқнинг бирдамлиги билан “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси орқали эски мактаб тўлиқ таъмирланди. Электр таъминотини яхшилаш учун 54 та бетон устун ва 1 та трансформатор ўрнатилди. Яна қўшимча 50 та бетон устун ва битта юқори кучланишли трансформатор бериладиган бўлди. 58-мактабнинг эски биноси қайтадан қурилди. Ҳозирда хоналарни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Маҳаллада 31 та хонадонда бошқаси ичимлик сув билан таъминланган эди. Жорий йил артезиан қудуғи қазилиб, ушбу хонадонларга тоза сув етказилди. Натижада аҳоли тўлиқ ичимлик сувга эга бўлди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 14 сотихли маҳалла боғи ташкил этилиб, олма, ёнғоқ, беҳи, ўрик каби мевали дарахт экилди. “Девонаий Шайх” қабристонида ҳашар уюштирилиб, ободонлаштирилди, арчалар ўтқазилди.
Амалга оширилган ишларга туман ҳокими Ботир ва 3-сектор бошлиғи Зоҳид Мамадолиев яқиндан ёрдам бермоқда.
Айни пайтда пахса девордан қурилган таъмирталаб қишлоқ врачлик пунктида фаолият юритяпмиз. Шу сабаб келгусида алоҳида маҳалла идораси қуриш режаси бор. Фақат амалий ёрдам зарур. Шунингдек, 2,5 километр ички кўчаларни асфальтлаш, эски қишлоқ врачлик пунктини қайта қуриб, “Тез тиббий ёрдам”, лаборатория ва стационер даволаниш хоналарини ташкил этиш зарур.
Айни пайтда “тўқсонбости” экинлар экилиб, ариқ-зовурлар тозаланмоқда.
Раъно ЖОНКЕЛДИЕВА,
Ургут туманидаги “Узун” маҳалласи раиси