Маҳалла туман марказига ёндош ҳудудда жойлашган бўлиб, кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – ғалла, шоли, “тўқсонбости” экинлари экилади. Аҳолининг асосий даромади шундан. Қўшимчасига чорва моллари боқишади. 60 фоиз хонадон эгалари ўзини ўзи гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлайди. Орттирганини бозорга чиқаради…
Шунингдек, асаларичилик, ҳунармандчилик, қандолатчилик йўналишлари “устоз-шогирд” анъанаси асосида ривожланмоқда. Масалан, тадбиркор Шарофат Жуманазарова асаларичилик билан шуғулланиб, асал қутилар сонини 200 тага етказди. “Устоз-шогирд” асосида коллеж битирувчилари ва аҳолини бир ойлик ўқув курсида асалари боқишни ўргатмоқда. Натижада 15 дан ортиқ хонадон эгалари асалари боқишни бошлади. Тадбиркор таъминотчи сифатида аҳолига асалари қутилари етказиб бермоқда.
Ҳунарманд Лайло Матяқубова маҳалла идорасининг бўш турган хоналарида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиб, “устоз-шогирд” асосида 30 нафар хотин-қизни ишли қилиб, бир ойлик ўқув курсини ташкил этди. Ушбу ўқув курсини битирган хотин-қизларга сертификат берилиб, шу асосида уларга тикув машина олишга тавсия берилади. Ҳозир 15 нафари субсидия асосида тикув машина олиш арафасида.
“Устоз-шогирд” анъанаси автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналарида давом этмоқда. Маҳалладаги 8 та устахонада 20 дан зиёд ёшлар устачиликни ўрганяпти. 3 нафари алоҳида иш фаолиятини бошлади. Шунингдек, 5 та пишириқ цехида 20 нафар хотин-қиз ҳунар ўрганишяпти.
Муаммо: 9 километр тупроқли ички кўчага тош ётқизилиб, 5 та трансформатор, 200 та бетон устун ўрнатилиши зарур. Синфхоналар етишмовчилиги сабаб ўқувчилар 3-7 километр йўл босиб, қўшни маҳалладаги мактабларга қатнамоқа. Шу боис мактабга қўшимча бино қуриб, атрофи темир панжаралар билан ўралиши керак. Маҳалла аҳолиси тарқоқ жойлашган. Қолаверса, аҳоли сони 7000 дан ортиқ. Шу сабаб маҳалла иккига бўлинса, аҳоли учун анча қулайлик бўларди. Чунки бирор юмуш билан маҳалла идорасига келиб-кетиш аҳолига қийинчилик туғдирмоқда.
Тожибой МАТНАЗАРОВ,
Янгиариқ туманидаги “Дўстлик” маҳалласи раиси