Маҳаллада хатлов натижаларига кўра тоифаларга ажратилган ҳар бир оила билан алоҳида ишлаш тизими йўлга қўйилган. Доимий даромадга эга 1085 нафар оила аъзоларининг 794 нафари расмий даромадга эга бўлса, 617 нафари норасмий даромадга эга.
Йиғин, асосан, хизмат кўрсатиш, деҳқончилик ва чорвачиликка мослашган. Деҳқончилик билан шуғулланаётган аксарият аҳолининг даромади яхши. Улар томорқа ерларидан унумли фойдаланиб, ички бозор учун даромади яхши ва кўпроқ ҳосил оладиган экинлар – картошка, сабзи, помидор, бодринг, қизил ловия, саримсоқ пиёз экади. Иссиқхонаси борлар бодринг, помидор билан бирга, турли кўкат ва қулупнай етиштиради. Шунингдек, фермер ва кластерларга тегишли ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экинлар экиб, даромад олишади.
Бундан ташқари, аҳолининг кўпчилигида қора мол ва қўйлар бор. Наслли қўйлар етиштириш ва кўпайтиришда катта тажрибага эга. Чунки ота-боболари чўпончилик, қўйчилик, пода боқиш билан шуғулланган. Ишсиз фуқароларга “Онлайн маҳалла” платформаси орқали чорвачилик йўналишига 14 фоизли кредитлар ажратилмоқда.
Маҳалланинг жойлашуви ва ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда ўсиш нуқтаси сифатида қисман хизмат кўрсатиш соҳаси киритилган. Озиқ-овқат дўконлари, умумий овқатланиш жойлари, новвойхоналар, сартарошхоналар, кийим-кечак дўконлари фаолият юритмоқда. Бу соҳани ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 150 ўринли хусусий шериклик асосида икки қаватли боғча қурилмоқда. Яна бир ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлаш арафасида. Келгусида икки объект ишга туширилгач, қўшимча олтмишга яқин янги иш ўрни яратилади.
Йиғин ходимлари ва аҳолининг ташаббуси билан Амир Темур ва Наврўз кўчаларига замонавий тунги ёритқич чироқлари ўрнатилди. Ёшлик кўчасининг 650 метри асфальтланди. Келгусида Бобур ва Ўқитувчи кўчаларини асфальтлаб, “Бир кўча – бир маҳсулот” тамойили асосида хоҳловчилар учун иссиқхоналар қуриб берилади.
Таклиф: маҳаллага битта ҳужжат ишлари билан шуғулланадиган ходим керак.
Равшан ЖЎРАБОЕВ,
Оққўрғон туманидаги “Наврўз” маҳалласи раиси.