Ҳудудимизда 4 086 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг кўп қисми ҳудудда жойлашган ташкилот ва корхоналарда ишлашади. Шу орқали даромад топиб, оиласини моддий томонлама таъминлайди. Йиғинда 17 нафар ишсиз фуқаро мавжуд бўлиб, яқинда уларнинг бирини боғчага ошпаз лавозимига, бошқасини тарбиячи лавозимига доимий ишга жойлаштирдик.
Маҳалладаги аёлларга имтиёзли кредит маблағлари эвазига тикув машиналари олиб берилиб, бандлиги таъминланяпти. «Ёшлар дафтари»даги йигит қизларимизга ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун имтиёзли кредит ва субсидиялар тақдим этиляпти.
Бундан ташқари, жорий йилда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг давлат гранти кўрик-танловида ғолиб бўлиб, йиғиндаги битта болалар майдончасини таъмирлаш ва яна учтасини янгидан қуриш учун 100 миллион сўм пул маблағ ютиб олдик. Шунингдек, танловнинг яна бир босқичида 40 миллион сўм маблағ эгасига айланиб, йиғин ҳудудида мўъжазгина кутубхона ташкил қилдик.
Шундай бўлса-да, бир масала бизни ўйлантириб турибди. Маҳалла ходимларининг битта жойдан тайинланмаслиги бизни қийнаяпти. Мисол учун, айрим ходимларимиз бошқа ҳудудлардан етиб келгунча иш вақти бошланиб кетган бўлади. Айтилган вазифалар вақтида бажарилмайди. Такси орқали узоқдан қатнагани боис ишга ўз вақтида етиб келолмайди. Бу тизим шаҳар шароитида ўзини оқлар, лекин қишлоқ шароитида оқламаяпти. Сабаби, баъзи жойларга техника боради, баъзиларига эса йўқ.
Таклифим шуки, маҳалла ходимлари лавозимга тайинланаётганда, иложи борича, ўз ҳудудидан тайинланиши керак. Боиси хотин-қизлар билан боғлиқ муаммо бўлиб қолса, хотин-қизлар фаоли маҳаллага етиб келгунча орадан анча вақт ўтиб қўяди. Ёшлар етакчисида ҳам, ҳоким ёрдамчисида ҳам шундай ҳолат. Маҳалла ходимлари ўз ҳудудидан сайланса, йиғиндаги муаммолар тезкорлик билан ҳал қилиниб, иш самарадорлиги ошиши мумкин.
Яна бир гап: маҳалла раисларининг саводхонлик даражасини ошириш бўйича турли танловлар, семинарлар ташкил қилиш керак. Боиси айрим раислар технологияларни яхши билмаслиги, тушунмаслиги мумкин. Ўз ишининг устаси бўлиши ва АКТни яхши билиши учун улар курсларда ўқитилса, маҳалла раислари ўз фаолиятини мукаммал тарзда олиб борарди.
Шунингдек, маҳалла раисларининг ойлик маошлари бошқа маҳалла ходимлариникига қараганда кам. Тўғри, маош ҳудуддан ва аҳоли сонидан келиб чиқиб тайинланади. Бошлиқни ойлиги ходимникидан кам бўлгач, ходимлар уни ҳурмат қилмайди. Камига ходимларга вазифа берадиган раҳбарлари бошқа. Ҳар ерда, ҳар ишда ходимнинг меҳнатига яраша ҳақ тўлансагина ишида ривожланиш ва ўсиш бўлади. Маҳалла раисларининг ойлик маошини кўтариш масаласини кўриб чиқиш керак.
Ҳилола РЎЗИМУРОДОВА,
Навоий шаҳридаги
«Зиёкор» маҳалласи раиси.