“Башир” маҳалласи Қашқадарё дарёси бўйида жойлашган. Ҳудудда 6 та қишлоқ бўлиб, 4 100 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Баланд-баланд чинорлар маҳаллага кўрк бериб туради. Ҳудуд тоғ тизмалари билан туташиб кетган. Шунинг учун бу ерга ёз ойлари юртимизнинг турли вилоятлари ва хорижий мамлакатлардан саёҳатчилар келади. Маҳаллада зиёрат туризми, экотуризм ва агротуризм ривожланган.
Тоғли ҳудуд бўлгани учун одамларнинг асосий тирикчилик манбаи — чорвачилик, деҳқончилик, туризм ва асаларичилик. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида айни йўналишлар бўйича 40 нафар фуқарога имтиёзлди кредитлар олиб берилди. Уларнинг 16 нафарини ёшлар ташкил этади. Қолаверса, “Ёшлар дафтари” орқали яна 15 нафар ёшнинг контракт суммалари тўлаб берилди, моддий ёрдам кўрсатилди. Маҳаллада бирорта ишсиз фуқаро йўқ, аксарияти ўзини ўзи банд қилган. Деярли барча хонадонлар туризмга ихтисослашган.
Туризм — қишлоқларнинг асосий даромад манбаи. Ҳудудда иккита — “Ҳазрати Башир” ғамда “Хўжа Ҳасанота” зиёратгоҳлари жойлашган. Ҳазрати Башир қишлоқдаги Ниёзтепада дафн этилган. Эл орасида “Ҳазрати Башир қабри олдидаги арча дарахти у кишининг ҳассаси бўлган”, деган ривоят юради. Айтишларича, Ҳазрати Башир ота ҳассасини улоқтириб, “Қаерга бориб тушса, ўша жой менинг қабрим бўлади”, деган эканлар. Ҳасса йўғон томони билан ерга қадалиб қолади. Шунинг учун бошқа дарахтлардан фарқли равишда унинг паст томони ингичка, юқори томони йўғондир. Бу тилсимот ҳам, албатта, туристларни бефарқ қолдирмайди.
Ҳар йили бу ерга 10 мингдан зиёд маҳаллий ва хорижий турист келади. Ушбу маскан нафақат бетакрор табиати, балки ўзига хос тарихи билан ҳам эътибор жалб қилади.
Ҳозирда маҳаллага келувчи сайёҳлар сонини 20 мингга етказиш ва қишлоқни “туризм қишлоғи”га айлантириш учун қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, айни пайтда маҳаллада 30 та зиёд оилавий меҳмон уйи фаолият юритмоқда. Бу хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун ҳудудда кўпроқ қолиш ҳамда маҳаллий халқ турмуш тарзи билан яқиндан танишиш имконини беради. Сўлим табиат, мусаффо тоғ ҳавоси, шифобахш чашма, меҳмондўст қишлоқ одамлари, экологик тоза мевалар, хушхўр таомлар ва қалбларга сокинлик бағишловчи зиёратгоҳ сайёҳларни ўзига жалб қилиши шубҳасиз.
Инфратузилмани яхшилаш мақсадида 4 км. ички йўл асфальт қилинди, 4 км. йўлга шағал ётқизилди. Маҳаллада кўчма тиббиёт пункти ташкил этилиб, янги трансформатор, электр устунлари ўрнатилди. Эндиликда маҳаллада осма дор йўли қуриш, оилавий меҳмон уйлари сонини 40 дан ошириш, яна 6 км. йўлни асфальтлаш кўзда тутилган. Қолаверса, бу жараёнда давлат-хусусий шериклик тамойили асосида маҳалла биносини янгилаш, иккита умумий овқатланиш шаҳобчасини қуриш, дарё бўйларида дам олиш жойларини кўпайтириш режамизда бор.
Тўйчи МУРОДОВ,
Китоб туманидаги
“Башир” маҳалласи раиси.