Овулимизда 21 та қишлоқ мавжуд, 5 775 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд катта, аҳоли тарқоқ ҳолда жойлашган. Асосий тирикчилик манбаи — деҳқончилик ва чорвачилик. Томорқачилик ривожланяпти.
Президент ташаббуси билан ўтган йили тумандаги 13 та шаҳарча ва овул фуқаролар йиғинига Наманган вилояти бириктирилди. Хусусан, Поп тумани масъуллари ҳомийлигида маиший хизмат кўрсатиш контейнерлари ўрнатилиб, аҳолига сартарошхона, аёллар гўзаллик салони, тикувчилик цехи, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди. Овул ёшларининг бандлиги таъминланди. Долзарб муаммолардан бири — ичимлик сув билан таъминлаш чоралари кўрилди. “Ирғақли” ҳамда “Қоракўл” аҳоли пунктларига сувни фильтрловчи ускуналар ўрнатилди. Натижада 100 нафарга яқин аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланди. Шунингдек, 50 га яқин босма кран қурилди. Аҳолининг ўзини ўзи банд қилиши учун хонадонларга 20-30 бошдан парранда, маиший техникалар, шунингдек, ёшларнинг даромадга эга бўлиши учун тикув машиналари, компьютер жамланмалари тақдим этилди.
Президентнинг яна бир ташаббуси — Қорақалпоғистондаги ҳар бир маҳаллага 500 миллион сўмдан ажратилгани ҳудуддаги энг муҳим масалаларни ҳал этиш имконини бермоқда. Хусусан, мазкур маблағ эвазига қуёш панели, кўчаларга видеокузатув камералари, трансформатор ўрнатилди. Овулга яқин жойдан кичик канал ўтган, шу вақтгача унинг сувидан йиғиндаги аҳолининг 27 фоизи томорқасини суғориш учун фойдалана оларди. Мазкур кўрсаткични 100 фоизга етказиш мақсадида насос орқали сув олиб келиняпти.
Шу билан бирга, инфратузилмани яхшилаш мақсадида овулдаги мактаб, боғча ва шифохонага олиб борувчи 11 км. ички йўллар асфальтланди, ҳозирда қолган йўлларни асфальт қилиш лойиҳалари тайёрланяпти. Маҳалланинг янги биноси қуриб берилди, барча ходимлар учун зарур шароитлар яратилди.
Таклифлар масаласига келсак, маҳалланинг жамиятдаги ўрнини ошириш мақсадида маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасида маҳалла раислари салмоғини ошириш лозим. Зеро, ҳудудлардаги биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни йиғин раисларичалик бошқа биров яхши билмайди. Қолаверса, раислар томонидан Кенгаш мажлисларида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритишнинг янги тизими ишлаб чиқилаётгани ҳам маҳалладаги муаммоларнинг тезроқ ҳал бўлишига шароит яратади.
Яна бир гап: ҳозир маҳаллаларга турли ижтимоий объектлар қуриб бериляпти. Бироқ айрим ҳолларда энг долзарб масала қолиб, мавжуд иншоотнинг янгиси бунёд этиляпти. Истардикки, фуқаролар йиғини ҳудудида, масалан, боғча, мактаб ёки поликлиника қурилишини вазирлик ёки ҳокимлик эмас, балки маҳалланинг ўзи ҳал қиладиган тизим яратиш лозим. Шунда оилавий боғчалар мавжуд бўлгани ҳолда, янги боғча ўрнига биринчи навбатда шифохона ёки аксинча болалар қамрови кам бўлган ҳудудларда мавжуд врачлик пунктини янгилаш ўрнига боғча қуриш мумкин бўлади.
Женисбай БЕКБАУЛИЕВ,
Қораўзак туманидаги
Академик Собир Камалов номли
овул фуқаролар йиғини раиси.