— Маҳалламизда яшовчи фуқаро давлат корхонасига ишга кирганида у билан 1 ойлик дастлабки синов муддати асосида меҳнат шартномаси тузилган. Синов муддати тугашидан 2 кун олдин раҳбар шартномани яна 2 ҳафтага узайтиришини айтибди. Сабаби, янги ходим ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб ҳали «ўзини ҳеч ҳам кўрсата олмабди». Иш берувчи белгиланган синов муддатини узайтиришга ҳақлими?
Замира ҚУТЛИМУРОДОВА,
Нукус шаҳридаги
“Қутлуғ овул” маҳалласи раиси.
Ленара ҲИКМАТОВА,
“Норма” эксперти, ҳуқуқшунос:
— Меҳнат шартномасида синов муддати тўғрисидаги шарт ходимга – ушбу ташкилотда ишни давом эттириш ёки эттирмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш, иш берувчига – ходимнинг топшириладиган ишга ваколати, малакаси мос келадими-йўқми, шуни текшириш имкониятларини беради. Дастлабки синов муддати тугагунга қадар ходим ҳам, иш берувчи ҳам меҳнат шартномасини соддалаштирган тартибда бекор қилишга ҳақли. Бу вазиятда иккинчи тараф камида уч кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирилиши керак.
Агар синов муддати тугаган бўлса ёхуд ушбу муддат тугашига камида уч кун қолган бўлса ҳамда ходим уч кунлик огоҳлантириш муддатини қисқартиришга ўз розилигини бермаса, меҳнат шартномасининг амал қилиши давом этади. Келгусида меҳнат шартномасини бекор қилишга умумий асосларда йўл қўйилади. Агар меҳнат шартномасида дастлабки синов муддати белгиланмаган бўлса, ходим ишга бундай шартсиз қабул қилинган ҳисобланади.
Дастлабки синов қанча муддатга белгиланади? Дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги керак. Ҳатто ходимнинг розилиги билан ҳам ушбу муддатлардан узоқроқ синов муддатини белгилаш мумкин эмас. Синов муддатининг энг кам муддати қонун билан белгиланмаган.
Қачон дастлабки синовнинг амал қилиши тўхтатилади? Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври ва ходим ҳақиқатда ишда бўлмаган бошқа кунлар дастлабки синов даврида ҳисобга олинмайди. Мисол учун, у иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган, судда гувоҳ сифатида қатнашган, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини оширган ёки шунчаки сабабсиз ишга келмаган. Шу кунлар дастлабки синов муддатида ҳисобга олинмайди.
Иш берувчи синов муддатини узайтира оладими? Иш берувчи ходимнинг кўзланаётган вазифага мувофиқлиги хусусида якуний хулосага келолмаган бўлса ҳам меҳнат шартномасида кўрсатилган синов муддатини узайтира олмайди. Бунга ҳатто ходимнинг розилиги билан ҳам йўл қўйилмайди.
Бундай ҳолда узайтирилган муддат Меҳнат кодексининг 130-моддаси бўйича максимал муддатлардан ошиб кетадими ёки йўқми, муҳим эмас. Дейлик, меҳнат шартномасида белгиланган бир ойлик синов муддати ҳатто бир кунга ҳам узайтирилиши мумкин эмас. Акс ҳолда иш берувчининг айбдор мансабдор шахси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига кўра маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.