Маҳалла аҳолисининг асосий даромади – чорвачилик ва деҳқончиликдан. Ҳар бир хонадонда биттадан соғин сигир бор. Қўшимча қўй, товуқ боқишади. Томорқаларидан рўзғорбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиради. Иссиқ хоналарда мавсумига қараб, помидор, бодиринг, булғар қалампири, ҳозир исмалоқ, кўкат ва кўк пиёзлар экишмоқда.
Айримлари савдо-сотиқ ишлари билан машғул. Қирқдан ортиқ аҳоли мини транспортлар олиб, аҳоли узоғини яқин, оғирини енгил қилиб даромад топяпти. Учта тикув цехи бўлиб, ҳар бирида 8-10 нафар аёл доимий иш ўрнига эга бўлган. Тикувчиликка қизиққан хотин-қизлар ушбу цехларга қатнаб, ҳунар ўрганишмоқда.
Ўндан ортиқ аёллар маҳалладан етти километр нарида жойлашган текстиль корхонасида меҳнат қилишмоқда. Яқин кунларда яна битта текстиль фабрикаси ишга тушиши кутилмоқда. Шу кунларда бўш ўтирган хотин-қизлар пахта теримида қатнашиб, қўшимча даромад олишяпти. Маҳалла туман марказига етти километр олисда. Аҳолининг Урганч шаҳри ва туман марказига бориб-келиши учун мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилган.
Маҳалла идораси 2021 йилда таъмирланиб, барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Алоҳида кутубхона ва мажлислар зали бор. Болажонлар учун янги мактаб ва 200 ўринли боғча қад ростлаган. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида боғча атрофи девор билан ўралди. “Маҳалла бешлиги” мавжуд муаммоларни ҳамкорликда ҳал этишмоқда. 1 километр ички йўл асфальтланиб, боғча, мактаб ва маҳалла гузари оралиғида пиёдалар йўли қурилмоқда. Аҳоли тўлиқ ичимлик сув билан таъминланмоқда. Сув ўтмаган иккита кўча қолди, холос. Илгари тортилган сув тармоқлари ҳам тўлиқ таъмирланади.
Яна бир янгилик, Президент қарори асосида “Ислом тараққиёт банки”нинг “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 10 миллиард сўм ажратилди. Ушбу лойиҳа доирасида кўчаларни асфальтлаш, тупроқ йўлларни шағаллаштириш режалаштирилмоқда.
Таклиф: илгари йиғин ҳудудида катта консерва заводи бўлган. Узоқ йиллар фаолияти тўхтаб қолган заводда ҳозир бир тадбиркор ўн нафар ишчи-ходим билан мавсумий помидор ва мураббо ишлаб чиқармоқда. Агар ушбу завод фаолияти қўллаб-қувватланиб кенгайтирилса, кўплаб аҳоли ишли бўларди. Экспорт ҳажми ошарди.
Мақсуда РАИМБАЕВА,
Янгибозор туманидаги “Бўстон” маҳалласи раиси.