“Ёшлик” ўз номи билан ёш маҳаллалардан бири. 70 фоиз хонадон бундан йигима йил олдин янги участкаларда ташкил этилган. Оҳангарон шаҳрида кўплаб корхона ва заводлар ишга туширилгани сабаб, маҳаллада ишсизлар деярли йўқ.
Йиғиннинг 16 та кўчасининг барчаси асфальтланди. 3140 метри ўтган йили бўлган бўлса, бу йил “ташаббусли бюджет” лойиҳаси орқали 1050 метр қисми асфальтланди. 215 та кўча чироқлари қўйилиб, уларнинг ҳар бирига қуёш панеллари ўрнатилди.
Маҳалла ёшлари ўтган йили “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган волейбол мусобақасининг республика босқичида иккинчи ўринни олиб, йиғинда “Streеt Workout” ва баскетбол майдончаси қурилишига эришди. Бунга қўшимча равишда яна бир спорт ҳамда 6 та кўп қаватли уйлар олдида болалар майдончаси қурилди.
Ҳудудда тадбиркорлик кенг ривожланмоқда. Айниқса, иссиқхона билан тикувчилик соҳасига қизиқувчилар кўпаймоқда. Кредитга товуқ ва чорва олиб боқаётганлар ҳам бор. “Аёллар дафтари”да турган 80 нафар аёлнинг 46 нафарига 1 миллион 200 минг сўмдан моддий ёрдам ажратилди. “Ёшлар дафтари” турган талаба-ёшларнинг 50 фоиз контракт пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, саломатлигини йўқотиб, жарроҳлик амалиётини ўташи зарур бўлган 18 нафар беморга моддий ёрдам кўрсатилди.
Бу йил маҳалла аҳолиси “Яшил макон” лойиҳасини катта кўтаринкилик билан бошлашди. 120 туп бодом, 160 туп шафтоли кўчати экилди. Маҳалла фаоллари ҳар бир маҳаллага ажратиладиган 200 туп манзарали ва мевали кўчатдан ташқари, 1,5 мингта терак кўчатини экиш режасида.
Давлат раҳбарининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экишда манфаатдорликни ошириш мақсадида автомобиль, темир йўл, дарё ва каналлар бўйи аҳоли ва тадбиркорларга шартнома асосида ер тоифаси ўзгартирилмасдан бўлиб бериш таклифи кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Президентнинг ана шу ташаббуслари асосида “Ангрен–Тошкент” темир йўл бўйида 6 нафар одамга шартнома асосида кўчат экиш учун ер ажратиб беряпмиз. Бу рақамлар яна ошиши тайин. Чунки аҳолида бўш майдонларга дарахт экиб, ундан самарали фойдаланиш иштиёқи баланд. Қувонарлиси, ҳар йилгидаёқ ёппасига арча экишдан воз кечилиб, фойдали дарахтлар экилмоқда.
Яна бир қувончли хабар, янги маҳалла биноси қуриляпти.
Абдухамид ҚОРАБОЕВ,
Оҳангарон шаҳридаги “Ёшлик” маҳалласи раиси.