Сўнгги йилларда барча масалалар маҳалланинг ўзида ҳал этилишига эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун “маҳалла бешлиги” ташкил этилди. Президентимизнинг ташаббуслари асосида эндиликда маҳалла бошқарувига солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими қўшилиб, “маҳалла еттилиги” бўляпти. Эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинади. Қувонарлиси, маҳалланинг ўз бюджети бўлади. Натижада маҳалладаги барча муаммолар халқ ва кенгаш аъзолари билан бамаслаҳат ҳал этилади.
Маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, оила ва маҳалланинг ёшлар тарбиясидаги таъсирини ошириш борасида кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Яқинда маҳалла ҳудудида жойлашган Тошкент педагогика коллежида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида маънавий тадбир ташкил этилди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита ходими О.Арипова ва Ислом академияси доценти Ж.Мелиқўзиев, туман ҳоким ўринбосари Г.Тўлаганова, Маърифат тарғибот маркази психологи М.Раҳматуллаева, туман маҳаллаларининг хотин-қизлар фаоли ходимлари, Хотин-кизлар ҳаракатининг етакчи мутахассиси, журналист С.Юлдашбекова ва бошқалар қатнашди.
Ёшларни миллий қадриятлардан узоқлаштираётган нарса бу – телевидения ва ижтимоий тармоқлардир. Бу иккиси энг катта ва хавфли тарғибот воситасидир. Натижада жамиятда ота-онасини ташлаб кетаётганлар, ажралишни оддий ҳолдек қабул қилаётганлар сони ортиб бормоқда. Яна кўплаб ёт иллатлар тарғиб қилинмоқда.
Таклиф: “Жаҳолатга қарши маърифат билан” деганларидек, телевидения ва турли ижтимоий тармоқлардан саарали фойдаланган ҳолда аҳоли ва ёшларни маърифатга элтувчи, таъсирчан, тарбиявий кўрсатув ва эшиттиришлар, видеороликлар тарғиботини кучайтириш зарур. Шунингдек, ажралишларнинг олдини олишда имомлар иштирокидаги учрашув ва маърузалардан самарали фойдаланиш керак.
Маҳаллада мебель саноати ва қандолатчилик ривожланмоқда. Маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари кўпаймоқда. 90 фоиз ички кўчалар асфальтланди. 19 та кўп қаватли уйнинг 10 таси таъмирланади.
Энг катта муаммо маҳаллада мактаб йўқ. Болалар иккита серқатнов автомобиль йўлни кесиб ўтиб, қўшни маҳалладаги мактабга қатнашади. Агар шу масала ҳал этилса, йиғиндаги кўплаб муаммолар ўз-ўзидан ҳал этилган бўларди.
Абдуқодир САТТАРОВ,
Чилонзор туманидаги “3-Чарх Камолон” маҳалласи раиси