Элмурод ҚАРШИЕВ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъул ходими:
— 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури кўра:
- 2023 йилда фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштироки кучайтирилади ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилади. Бунинг учун «Рақамли маҳалла» марказини ташкил этиш ҳамда «Ижтимоий маҳалла» ахборот тизимини жорий қилиш кўзда тутилмоқда. Ахборот тизимига ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларга кўрсатилган ёрдам ҳақидаги маълумотлар киритиб борилади;
- давлат органлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатишнинг замонавий шакллари жорий этилади. Унга кўра, маҳалла раиси томонидан аҳоли эътирозларига энг кўп сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида мунтазам равишда муҳокамалар ўтказилади. Ҳар ойда маҳалла кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг амалга оширилган ишлар бўйича ахборотлари эшитилади;
- «Маҳалла назорати» ва «маҳалла раиси сўрови» институтлари жорий қилинади. Давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар бериш, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, эшитуви, мониторинги, экспертизасини ўтказиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш тартиблари ишлаб чиқилади. Бунга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Адлия вазирлиги жавобгар;
- маҳаллаларнинг ҳудуди, майдони, инфратузилмаси, чегараси акс этган харитаси, хонадонларнинг жойлашуви, рақамлари ва кўча номларининг ягона базаси юритилади. Қолаверса, 40 турдаги маълумотларнинг ягона базаси шакллантирилади. Бош ижрочи — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
- маҳаллаларга тегишли ҳудуддаги туман (шаҳар) маҳаллий Кенгашлари сессиялари кун тартибига кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ҳуқуқи берилади. Қолаверса, маҳаллалар туман (шаҳар) маҳаллий Кенгашларининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этишлари мумкин бўлади;
- ҳар бир маҳалланинг «ўсиш нуқталари» ва уларда яшовчи аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, маҳаллалар қошида тадбиркорлик субъектлари ташкил этилади;
- Маҳаллаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган манзилли дастур ишлаб чиқилади ҳамда хизмат биносида муаммоси бўлган 2 327 та маҳалла учун бино қурилади. Бош ижрочи — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
- «Маҳалла институтининг Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини қарор топишидаги ўрни ва роли: кеча, бугун ва эртага» мавзусида илмий-амалий конференция, «Маҳалла институтининг жамият ҳаётида тутган ўрни» мавзуида халқаро форум ўтказилади.