Йиғин ҳудудида Ўзбекистондаги гигант заводларидан бири – “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти жойлашган. Аҳолининг 70-80 фоизи шу заводда меҳнат қилишади.
Маҳаллада бунёдкорлик ишлари катта. Фидокор ва Низомий кўчасининг 700 метри асфальтланган бўлса, 500 метри бетон қилинди. Бир километрдан ортиқ пиёдалар йўлаги қурилди. Фидокор, Низомий, Ёрқин, Соҳил, Меҳр кўчаларига 116 та тунги ёритқич чироқлари ва 79 та янги устунлар ўрнатилди. Шу кунларда янги электр симлари тортилмоқда.
Олти хонадан иборат маҳалла идораси ёнидан болалар майдончаси қуриляпти. Тез орада ўйин жиҳозлари келтириб ўрнатилади. Ишни самарали ташкил этиш учун янги компьютер жамланмалари олинди. Йиғин ҳудудида ичимлик сув ва газдан муаммо йўқ.
Аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, ҳудудда зарур инфратузилмаларни яратиш мақсадида “маҳалла бешлиги” фаол ҳамкорликда иш олиб боришяпти. Натижада янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Жумладан, 10 та хонадонда иссиқхона ташкил этилиб, тўрт нафар тадбиркор тикувчилик цехини йўлга қўйди. Улар, асосан, завод ишчиларига махсус кийимлар тикишади. Буюртмага қараб, бошқа буюмлар ҳам тайёрлашади. Бундан ташқари, тўртта овқатланиш шохобчаси, учта автотаъмирлаш корхонаси фаолият юритмоқда.
Тадбиркорликни ривожлантириш борасида режалар кўп. Хусусан, бир-иккита бўш турган биноларни тадбиркорларга бериб, боғча, ўқув маркази каби маҳалла аҳолиси учун зарур бўлган соҳаларни ривожлантириш ниятидамиз.
Абдуназар МАТМУСАЕВ,
Бекобод шаҳридаги “Сайхун” маҳалласи раиси.