2022 йилдан махалла раиси сифатида ишлаб келяпман. Тан олиш керак, кўпчилик билан ишлаш, аҳоли муаммоларига ечим топиш осон эмас экан. Иш аввалида ҳудуд муаммосини, аҳолини қийнаётган масалаларни ўрганиб чиқдим. Бунда “бешлик” ходимлари билан ҳамкорликда уйма-уй ўрганиш олиб бордик. Сўнгги хатловга кўра, аҳоли сони 2989 нафарни ташкил этди.
Асосий “драйвер” — ғаллачилик ва чорвачилик. Дастлабки хулосага кўра, йўлларни асфальтлаш, кўприк қуриш, қишлоқ врачлик пунктини таъмирлаш каби масалаларни биринчи навбатда ҳал этишни белгилаб олдик. 2022 ва 2023 йил ноябрь ойигача туман ҳокими ҳамда 2 сектор раҳбари ташаббуси билан 30 км. узунликдаги йулни шағаллаштирдик. 2 км. масофадаги йўл асфальтланди. Яна шунча узунликдаги йўл қайта таъмирланди. Маҳалладаги Хайдорота, Илонли, Хуроб каби 3 та қишлоқни боғловчи кўприк қурилди. Бундан ташқари ҳозирги вақтда халқ талаби бўйича замоновий қишлоқ врачлик пункти барпо этилди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 4000 туп мевали ва манзарали кўчат экдик. Маҳалла ерлари асосан лалмикор ҳисобланади. Аҳоли ўз хонадонида тўқсонбости, пиёз, саримсоқпиёз, кўкат экиб, парваришлайди. Жорий йилда ҳудудда 100 гектар майдонга картошка экилди. Элобод ва Ўртабулоқ қишлоғини боғловчи 116 метрлик пиёдалар кўприги қурилди.
Маҳалла биноимиз йўқ. Ҳозирча мактаб ёки ҚВП бўш биносида кўчиб ишлаяпмиз. Гоҳида қўшни “Гараша” маҳалла биносидан фойдаланамиз. Бу муаммо юзасидан таклиф берганмиз. Туман бўйича 9 та маҳалла биноси йўқ. Навбати билан муаммо ҳал этилмоқда. Жорий йил 4 та маҳалла биноси қурилди. Насиб қилса, 2024 йилда бизга ҳам замонавий бино қуриб беришни ваъда қилишган. Қолаверса, ҳудудда бирорта боғча йўқ. Бу масала 2023 йил маҳаллий дастурга киритилганди. Аммо бажарилмади. 2024 йил учун ҳам шу таклифни бердик. Қолаверса, соҳани янада такомиллаштириш мақсадида маҳалла раисига ёрдамчи штати жорий этиш зарур. Бундан ташқари раисларга имтиёзли кредит асосида автомашина сотиб олиш имконини яратиш лозим. Чунки бизнинг қишлоқлар орасидаги масофа узоқ. Хотин-қизлар фаолига компьютер ва принтер керак.
Амирилло АБДУЛЛАЕВ,
Фориш туманидаги “Илонли” маҳалласи раиси.