Юқоричирчиқ ва Ўртачирчиқ туманлари билан чегарадош маҳалла қишлоқ хўжалигига ихтисослашган. Асосан, лалми ер майдонларидан иборат. Жойлашув жиҳатдан анча қулай ҳудудда. Вилоят маркази – Нурафшон шаҳри узоқ эмас, 12 километр.
Ёшларнинг аксарияти Тошкент шаҳридаги турли ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қилишади. Улар учун махсус автобуслар қатнови йўлга қўйилган. 20-30 нафари ҳудуддаги ғишт ишлаб чиқариш заводида ишлайди. Тухум етиштиришга ихтисослашган “Чеклин” фабрикасида йигирмага яқин аҳоли банд.
Аҳолига кредит ва субсидия асосида тикув машиналари берилиши ортидан тикувчилик соҳаси яхши ривожланмоқда. Биргина Жепик Маматова 8 та тикув машинаси олиб, ўз хонадонида тикувчилик билан шуғулланмоқда. Шунинг ортидан даромад топиб, 10-15 аёлни ишли қилди.
Янгилик кўп. Жорий йил 1-мактаб ўқувчилари “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг стритбол йўналишида республикада 1-ўринни эгаллади. Натижада маҳаллада мини футбол, волейбол, баскетбол майдонларидан иборат спорт комплекси қуриладиган бўлди. Қурилиш ишлари ҳам тез кунларда бошланади.
Шу кунгача боғча ёшидаги болалар 6 километр олисдаги Ўртачирчиқ туманида жойлашган боғчага қатнарди. Бу болаларга ҳам, ота-оналарга ҳам қийинчилик туғдирарди. Энди барчаси ортда қолди. Йиғин ҳудудида 240 ўринли икки қаватли давлат боғчаси қурилди. Иккита хусусий уй боғчаси фаолияти йўлга қўйилган. Ўтган йили 3 та кўча асфальтланган бўлса, бу йил иккитаси шағаллаштирилди.
Аҳолининг тўй ва маъракаларини ўтказиш учун битта тўйхона, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш сервислар қурилмоқда. Барчаси аҳоли даромади яхшиланаётгандан дарак.
Қилиниши лозим бўлган асосий ишлардан бири, ички кўчаларимизни таъмирлаб, асфальтлаш керак.
Маҳмуд ОҚБЎТАЕВ,
Оҳангарон туманидаги “Ғаллақудуқ” маҳалласи раиси.