Бугунги ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳеч бир маҳаллани четлаб ўтмаяпти. Аксинча ҳамма ишлар, саъй-ҳаракатлар айнан маҳаллада амалга ошириляпти. Агар маҳалла обод бўлса, оилалар тинч ва даромадли бўлса, ўқиш, изланиш, ривожланиш бўлади. Шу боис бу тизимга қўшимча ваколатлар бериляпти. Бугун маҳалла камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар муаммосини ҳал қилиш, ёшлар тарбиясида катта кучга айланмоқда.
Айниқса, маҳаллаларда ўзига хос ноёб тузилма — “бешлик” фаолияти йўлга қўйилгани бугун ўз самарасини бермоқда. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори юрт тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, бугун том маънода ислоҳотлар “драйвери” бўлмоқда. Буни ўзимизнинг маҳалла мисолида айтиб ўтишим мумкин.
Ҳоким ёрдамчиси Шерзод Раҳимов билан маҳаллада ўтказилган хатловда 79 нафар ишсиз фуқаро аниқланганди. Ўтган муддат давомида уларга амалий кўмак берилиб, 65 нафари ишли бўлди, ўзини ўзи банд қилди ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Ҳозирда ишсиз сифатида рўйхатда қолаётган 14 нафар фуқаронинг аксариятини бола тарбиясидаги аёллар, уй бекалари ва бошқалар ташкил этади. Ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан жорий йилда 8 нафар фуқарога кредит ажратилди, 6 нафарига субсидия олиб берилди. Бунда уларнинг айримлари ўз бизнесини йўлга қўйди, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларининг бадал пули қоплаб берилди.
Хотин-қизлар фаоли Зулфия Аҳатова маҳалладаги аёлларимизнинг кўмакчиси, яқин сирдоши, маслаҳатгўйи десак, адашмаймиз. “Аёллар дафтари”га 302 нафар хотин-қиз киритилган бўлса, бугун уларнинг аксарияти моддий ёрдам олди, ишли бўлди, соғлигини тиклади. “Темир дафтар”га киритилган 32 та оиланинг барчаси дафтардан чиқарилди. Бунда белгиланган мезонлар асосида уларга кўмак кўрсатилди. Шу билан бирга, йиғиндаги эҳтиёжманд, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган оилалар ҳам хотин-қизлар фаолининг эътиборидан четда эмас.
Ёшлар етакчиси Бекзод Норқобилов “Ёшларнинг бўш вақти – етакчининг иш вақти” шиори остида иш юритиб, бугун йиғиндаги ўғил-қизларимизнинг ҳақиқий маслаҳатгўйига айланган. Унинг бевосита ташаббуси билан 25 нафар ёшнинг контракт пуллари, ҳайдовчилик гувоҳномаси тўловининг бир қисми тўлаб берилди, моддий ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга, ёшлар етакчиси ҳаётда ўз ўрнини тополмаётган тенгдошларини “Ёшлар дафтари”га киритиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилишида бош-қош бўлмоқда.
Профилактика инспектори, катта лейтенант Барлос Илешовнинг саъй-ҳаракатлари билан йиғинимизда “Хавфсиз маҳалла” тамойили тўла жорий этилган. Шаҳар шароитида маҳаллага ким кўчиб келяпти, ким кўчиб кетяпти, ким нима мақсадда юрибди, айрим ҳолларда билиш қийин саналади. Бироқ бу жиҳатлар профилактика инспекторининг эътиборидан четда қолмайди. Шунинг учун маҳаламизда хавфсиз муҳит яратилган.
Фақат бугина эмас. Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ташаббусларимиз маҳалладошларимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, жорий йилда йиғиндаги ички кўчаларнинг қарийб икки километри асфальт қилинди, 700 метрига бетон қопламаси ётқизилди. Деярли барча кўп қаватли уйларнинг олд қисми шундай қопламалар билан текисланди. Яқин вақт ичида қолган ички кўчаларга асфальт ётқизиш, маҳаллани тўлиқ видеокузатув камералари билан қамраб олиш, бошқарув компаниялари билан ҳамкорликда уйларнинг ички йўлакларини пардозлаш ишларини амалга оширишни мўлжаллаганмиз.
Маҳаллада жиноятчилик, ажрашиш ҳолатлари кузатилмаган. Жорий йилда 5 та оила ўзаро келишмовчилик, кичик оилавий низо, учинчи шахс аралашуви каби сабаблар билан ажрашиш учун тегишли органга мурожаат қилган экан. ФҲДЁ органи билан фаол ҳамкорлик туфайли улар бу ҳақда тезда хабар қилишди. Маҳалладаги “бешлик” аъзолари қисқа фурсатда имом-хатиб, отинойи, психолог ва йиғиндаги фаол нуронийларни жалб қилган ҳолда, оилалардаги вазият билан танишдик. Ҳар бири билан индивидуал суҳбатлар олиб бордик, ажралишнинг оқибатларини тушунтирдик. Натижада уларнинг барчаси аризасини қайтариб олди ва ярашишди.
Таклифлар масаласига келсак, биринчи таклифим шундан иборатки, аввалроқ битта хусусий ахборот порталида “Энг яхши маҳалла”, Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” каби онлайн ижтимоий сўровномалар ташкил этилди. Бунда маҳалла аҳли бизга ишонч билдириб, овоз берди. Ҳатто Тошкент шаҳрида овозлар сони бўйича биринчи бўлдик. Бироқ сўровнома якунлангач, на бу ҳақда маълумот берилди, на табрик бўлди, на рағбатлантириш ва на қандайдир муносабат билдирилди. Демак, вазирлик тизимида ана шундай алоҳида танловларни расмий равишда ўтказишга эҳтиёж бор. Бу маҳаллаларни бирлаштирибгина қолмай, кимнинг қандай ишлаётганига баҳо берарди.
Иккинчи таклифим: бугун аҳоли ҳаётини яхшилашда маҳалла оддий иштирокчи ёки ижрочи эмас, балки у қарор қабул қиладиган марказга айланишига урғу қаратиляпти. Шундай экан, келинг, унда айрим ижтимоий объектларни, дейлик, қаерга боғча, мактаб ёки поликлиника қурилишини қайсидир вазирлик ёки ҳокимлик эмас, балки айнан маҳалланинг ўзи ҳал қиладиган тизим яратайлик. Зеро, айрим маҳаллаларда бу каби объектлар етарли бўлса-да, яна қурилаётгани ва аксинча бунга эҳтиёжи бор маҳаллалар эътибордан четда қолаётгани кузатилмоқда.
Учинчи таклифим: маҳалла раиси ҳудудда яшайдиган ишсизларни жамоат ишларига жалб қилиш учун улар билан меҳнат шартномалари тузиш ҳуқуқига эга. Бунда меҳнатга ҳақ Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади. Унинг миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (980 000 сўм) кам бўлиши ва икки бараваридан (1 960 000 сўм) кўп бўлиши мумкин эмас. Бу жараён Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази орқали амалга оширилади. Таклифим шуки, жамғарма маблағлари ҳисобидан ишсиз аҳолини ободонлаштириш ва мавсумий ишларга жалб қилиш, уларга ҳақ тўлаш ваколати маҳалла раисига берилиши керак. Шунда ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинарди.
Отақул МУҲАММАДИЕВ,
Чилонзор туманидаги
“Кичик Хирмонтепа” маҳалласи раиси.