Қалбида кемтик ва ғазаб пайдо бўлмайди
Турмуш ўртоғи хорижга ишлашга кетган аёл қайнопаси ва икки нафар қизи билан бирга қолади. Аввалига тинч-тотув яшаётганди. Лекин вақт ўтиб, орада келишмовчиликлар юзага кела бошлади. Амма жиянларини онасига қарши қилиб қўйгач, келин фарзандларини ташлаб, ота уйига кетиб қолади. Мана, бир ойдан буён она ва болалар бир-биридан айро яшаб келяпти. Бу ҳақда хабар топган ота тезда уйига қайтиб келди. Ҳозир маҳалла фаоллари билан бирга бу оиланинг тўла-тўкис яшаши учун ҳаракат қиляпмиз. Ўзининг оиласи бузилган опа укасининг бахтли яшашига тўсқинлик қиляпти. Уларни муросага келтириш, 12 ва 14 ёшли қизларнинг ота-она бағрида улғайиши учун анча ишлар олиб борилди. Аёл эри билан яшашга рози, фақат алоҳида ижара уй олишни хоҳлаяпти. Шу аснода 3 ёшли фарзанд ўстираётган қайнопанинг ҳам турмушини тиклашга уриняпмиз.
Агар оилалар тинч-тотув ҳаёт кечирса, болалар бахтни ҳис қилиб улғаяди. Қалбида кемтик, ғазаб ва алам пайдо бўлмайди. Жамиятда соғлом фикрли инсонлар сафи кенгаяди.
Маҳалла еттилиги билан бирга оилалардаги муаммоларни шу тарзда комплекс ўрганяпмиз. Зарур ҳолатларда тиббий, психологик ва юридик ёрдам кўрсатиляпти. Ногиронлиги бўлган кишиларни туман тиббиёт бирлашмасига йўналтиряпмиз.
Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, ёлғиз яшовчи кексалар ва ўзгалар парваришига муҳтож ногирон шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича Қарши туманида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, фуқаро Зебо Ражабова уйда ёлғиз яшаётганлиги, ўзгалар парваришига муҳтож эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига маълумот берилди.
Катта ёшдагилар ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш шўъбаси мутахассислари ва оилавий шифокорлар томонидан баҳолаш ўтказилди. Натижаси бўйича фуқарога ҳафтасига икки кун, икки ярим соатдан ижтимоий ходим ассистенти томонидан маиший хизмат кўрсатиладиган бўлди.
Болаликдан ногиронлиги бўлган бир фукаронинг сертификат олишига кўмаклашдик. Шу ҳужжат асосида у юришга ёрдам берувчи мосламага эга бўлди. Анчадан бери ётиб қолган яна бир беморга махсус аравача олиб бердик.
Шу ўринда бир таклифим бор эди. Аҳолининг яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиши, ижтимоий хизматлар соҳасида олиб борилаётган янгиликлардан хабардорлигини ошириш учун оммавий ахборот воситаларида кенгроқ қамровда тарғибот- ташвиқот ишлари олиб борилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Дилдора Эрниёзова,
Қарши туманидаги Истиқлол ва
Жумабозор маҳаллари ижтимоий ходими