Маҳалламиз тумандаги намунали ҳудудлардан саналади. Бу ерда 760 та хонадонда 4 468 нафар аҳоли истиқомат қилади. Асосий “драйвер” — картошкачилик ва кўкатчилик, деярли ҳар бир хонадон шу фаолият билан шуғулланади. Шунинг ортидан тўй қилиб, уй қураётганлар, Ҳажга бораётганлар кўп.
Ҳудудда 10 та кўча бор. 3-4 йил олдин уларнинг барчасига ичимлик сув тармоғи тортиб келинди. Бироқ ишлар чала қолиб, барча кўчаларнинг ярмига қадар сув етиб борди. Қолган ярми сувни ташиб ичишга мажбур бўлаётганди. Шу ўринда маҳалла фаоллари ташаббус кўрсатиб, бу ишларни ҳашар йўли билан охирига етказишга қарор қилдик. Шу мақсадда ҳар бир хонадондан қурби етгунча пул йиғилди, айримлар асбоб-ускуналардан ҳомийлик қилди. Хуллас, қисқа фурсатда барча кўчалардаги хонадонларни сув билан таъминладик.
Йўл билан боғлиқ масала босқичма-босқич ҳал этиляпти. Хусусан, Ибн Сино кўчасида 1 километр, Амир Темур кўчасида 400 метр (750 метр шағал), Ал Бухорий кўчасида 600 метр (500 метр шағал) ички йўллар асфальтланди. Махтумқули кўчасининг 960 метри бетон қопламаси ётқизилган бўлса, Ат-Термизий кўчасида 360 метр, Истиқлол кўчасида 1 километр, Бодомзор кўчасида 400 метр масофа шағаллаштирилди. Бу борадаги ишлар давом этяпти.
Энди асосий масалага келсак. Бундан олти йил аввал маҳалла оғир аҳволдаги, криминоген вазияти салбий ҳудуд ҳисобланган. Хусусан, 10 нафар ҳуқуқбузарликка мойил фуқаролар бор эди. Тараф-тараф, тўда-тўда бўлиб жанжаллашиш кўпайиб қолганди. Одамлар арзимас масалани ҳам кўчада ҳал қиладиган бўлди. Туман ички ишлар бўлими билан маслаҳатлашиб, ҳудудга забардаст, сўзи ва иши қатиъй, тартиб интизомни биринчи ўринга қўядиган профилактика инспекторини жўнатишларини сўрадим.
Ҳусанбой Ўринбоев шундай йигит эди. Маҳалладаги дастлабки иши — тартибни ўрнатишдан бошлади. Аввалига ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлган шахслар билан яккама-якка суҳбатлар ўтказди. Сўнгра қонунни менсимаган, тартибни тан олмаганларга нисбатан қонуний чоралар кўрди. Мана, олиб борилган ишлар натижасида бугун маҳалла обод, жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айланди.
Яна бир гап: ҳозирда маҳалла аҳли шунчалик аҳил-иноқ яшайдики, ҳудудда кимдир жиноятга қўл урса, уларнинг ўзи ихтиёрий равишда маҳалладан кўчиб кетишади. Уларни кимдир ҳайдамайди, маҳалла тазйиқ ўтказмайди, кўча-кўйда юришдан уялганидан, қилмишидан пушаймон бўлиб чиқиб кетишади. Бу — жамоатчилик назоратининг тўғри йўлга қўйилгани, ҳудудда ҳамжиҳатлик, бирдамлик қарор топганининг натижасидир.
Алибой ҚОРАҚУЛОВ,
Жарқўрғон туманидаги
Алишер Навоий номли маҳалла раиси.