Боғот тумани азалдан мева-сабзавотчилик билан машҳур бўлган. Узумчиликда катта тажрибага эга. Шу сабаб “Кўнабирлашув” маҳалласи аҳолиси узумчилик, мева-сабзавотчилик билан машғул.
Ҳудудда фермер хўжаликларга қарашли 45 гектар узумзор бор. Асосан, “тойпи”, “ҳусайни”, “туркмани”, “ризамат” навлари етиштирилади. Ҳар бир хонадонда узумдан ташқари, олма, ўрик, гилос каби барча мевалар парваришланмоқда. Бу йил ҳосил чўғи паст, чунки аномол совуқда кўплаб токларни совуқ уриб кетди. Нолиш йўқ, даромад яхши. Аҳоли томорқаларидан ўртача 500 килограмдан 3 тоннагача ҳосил олиб, Россияга экспорт қилишди. Узоқ йўлга чидамлиги учун “тойпи” нави яхши экспорт қилинмоқда.
Одамлар пишиқчиликда ҳосилнинг бир қисмини сотиб, бир қисмини янада қимматроқ нархда сотиш учун совутгичларда сақламоқда. Маҳсулотларнинг бир қисми маҳалладаги 300 тонналик совутгичда сақланаётган бўлса, катта қисми туман марказидаги совутгич омборхоналарда.
Қувонарлиси, боғбонлар учун зарур яшик ва қувурлар маҳалланинг ўзидан чиқяпти. Гап шундаки, “Собиржон–Бобуржон” корхонаси турли маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, гранула ва ранг-баранг пластмасса идиш-яшиклар, қувурлар тайёрламоқда. Маҳсулотлар харидоргир, республикамизнинг кўплаб ҳудудларига етказиб берилмоқда.
Кейинги йилларда маҳалла аҳолиси учун кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, маҳалла биноси қурилиб, мактаб, боғча, оилавий поликлиника, мусиқа мактаби қайтадан таъмирланди. Аҳоли тўлиқ ичимлик сув билан таъминланиб, 3 километрдаги эски симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди. Фуқароларнинг кўмаги билан 2 километр ички кўчалар шағаллаштирилди.
Қувонарлиси, мактаб битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш сони ортди. Жорий йил битирувчиларнинг 66 фоизи талаба бўлди.
Маҳмуджон МАШАРИПОВ,
Боғот туманидаги “Кўнабирлашув” маҳалласи раиси