Маҳалламиз туман марказида жойлашган. Кўп қаватли уйларимиз кўп, шу билан бирга, 200 тача ҳовлили уйлар ҳам бор. Қарийб 25 йилдан буён маҳалла тизимида фаолият юритаман. Бу давр ичида касбим тақозоси билан турли вазиятларга, турли хулқ-атвордаги одамларга, ҳар хил муаммоларга дуч келганман. Барчасини имкон қадар қонуний ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз.
Маҳалламизда арзимас, маиший кичик тортишувлар, айрим ҳолларда ёшларнинг бебошлиги сабаб келиб чиқадиган тушунмовчиликлардан ўзга муаммо йўқ, десам ҳам бўлади. Оилавий ажралишлар тўрт йилдан буён кузатилмайди. Оилавий келишмовчиликларнинг аксариятини ажралиш даражасигача олиб чиқмаймиз. Бунда ота-оналар масъулиятини оширишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки бугунги келин-куёвлар гоҳида ёшлигига бориб, кичкина тортишув бўлса ҳам ажрашиш пайига тушишади. Шундай вазиятда катталар масъулиятни бўйнига олиши, ёшларга тушунтириши, керак бўлса, тергаб қўйиши керак. Шундагина оилалар бахтли ҳаёт кечиришади.
Маҳалладаги бугунги манзарага тўхталсам, ҳозирда 4-5 та уйимизни капитал таъмирлаяпмиз. Бироқ бу кам. Барча кўп қаватли уйларимизни замонавий шаклда пардозлаш керак. Қолаверса, ички йўлларимизни таъмирлаш, хусусан, асфальтлашга эҳтиёж бор. Бу бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз, натижасини кутяпмиз. Электр энергияси тизими, газ билан таъминлаш, тоза ичимлик сув масалалари эса ҳал этилган.
Таклифларга келсак, маҳалла ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш керак. Иш вақти белгиланмаган, кечаю кундуз халқ хизматида бўлган фаоллар турли кўринишдаги рағбатларга муносиб, деб ўйлайман. Биргина уларга бериладиган санаторийларга йўлланмалар сони оширилса, турли имтиёзлар қўлланилса, кредитга қулай фоизларда машина олишга имконият яратилса, ўйлайманки, бу иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Яна бир таклифим: кўчма кутубхоналарни ташкил қилиш юзасидан бўлади. Идорамизда кутубхона бор. Аммо, тўғрисини айтиш керак, унинг имкониятлари чекланган. Менимча, бир-иккита маҳаллани ҳисобга олмасак, деярли барча ҳудудларда ҳам шундай бўлса керак. Янги китоблар учун пул ажратилмайди. Бу бўшлиқни тўлдириш мақсадида мослаштирилган автобус ёки уловларда янги китобларни олиб келиб тарқатадиган ва бир муддатдан сўнг йиғиб олиб, бошқа ҳудудларга кетадиган мобиль кутубхоналар ташкил этилса, аминманки, талабгорлари кўп бўлади.
Зуҳра ҒАФФОРОВА,
Денов туманидаги
“Гулистон” маҳалласи раиси.