Маҳалламиз қулай ҳудудда – “Тошкент–Термиз” М-39 автомобиль йўлига яқин жойда жойлашган. Логистика, транспорт қатнови яхши бўлгани учун “Туркия–Ўзбекистон”, “Корея–Ўзбекистон” қўшма текстиль, трикотаж корхоналари ташкил этилган.
Маҳалламиздан ушбу корхоналарга махсус автобуслар қатнови йўлга қўйилган бўлиб, 50-60 нафрага яқин аҳолимиз у ерда ишлашмоқда. Яна 200 нафарга яқин фуқароларимиз Янгийўл, Зангиота ва Тошкент шаҳридаги ана шундай корхоналарда меҳнат қилишмоқда. Улар учун корхоналар томонидан махсус автобуслар йўлга қўйилган. Яна битта тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхонада 30 нафар маҳалладошимиз бандлиги таъминланган.
Деҳқончиликка ихтисослашган маҳалламизда 386 та хонадон бўлиб, барчасида қишлоқ хўжалиги, асосан, помидор, бодиринг, сабзи, картошка маҳсулотлари етиштирилади. Ҳудудимизда пахта ва ғаллага ихтисослашган битта фермер хўжалигимиз бор. Ҳар йили ғалласидан бўшаган майдонга такрорий экин экиш учун аҳолига 30 сотихдан бўлиб берамиз. Даромад ҳам яхши.
“Ташаббусли бюджет” орқали 2 400 метр ички кўчамизни асфальтладик. Яна 1200 метр қисмини асфальтласак, барча йўлларимиз тўлиқ таъмирланган бўлади. Қурама кўчасидаги 14 та хонадонга ичимлик сув тармоғи тортиб борилди. Натижада аҳолимиз 100 фоиз ичимлик сув билан таъминланди. Қурама кўчаси маҳалламиздан алоҳида бўлиб қолгани учун газ муаммоси бор. Шу масалада амалий ёрдам кўрсатилса, нур устига нур бўларди.
Биргина таклифимиз, 75 йиллик тарихга эга 86 метр квадратли бир хонали, таъмирталаб маҳалла идорамиз ўрнида замонавий бино қуриб берилса, иш сифатимиз янада яхшиланарди. Эскини ямагунча эсинг кетади, деганларидек идорамизни таъмирлаш учун ҳам етарли маблағ тополмай сарсон бўляпмиз. Яхшиямки, туман ҳокимлиги 6-7 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатадиган бўляпти. Энди бинонинг таъмирталаб жойларини тезроқ таъмирлаб, қишга ҳозирлик кўришимиз керак.
“Маҳалла бешлиги” учун зарур шарт-шароитлар бўлмаган идорада “маҳалла еттилиги”нинг қандай иш юритишини айтмасак ҳам ўзингиз англаб етдингиз. Шундай экан, мутасаддилардан имкон қадар амалий ёрдам беришларини сўраб қоламиз.
Баҳодир КАМОЛОВ,
Чиноз туманидаги
“Янги ҳаёт” маҳалласи раиси.