Маҳалламиз қадимий номга эга. “Саричашма” дейилишига сабаб илгари ҳудудда учта чашма булоғи бўлган, ҳозир улардан биттаси қолган холос. Етти мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган йиғинимизда тадбиркорлик яхши ривожланмоқда.
Жорий йилнинг июль ойида “Сарчашма инвест” корхонаси “Алмаз” савдо белгиси остида маъданли сув қадоқлашни йўлга қўйди. Ҳозир ярим қувватда ишлаётган корхонада йигирмадан ортиқ аҳолимиз ишли бўлди. Йил охирига қадар тўлиқ қувватга ўтиб, ишчилар сонини 51 нафарга ошириш режасида.
Ҳудудимиздаги тухумчиликка ихтисослашган иккита паррандачилик фабрикасининг ҳар бирида юз минг товуқ парваришланмоқда. Июль ойида иш бошлаган яна бир – “Сарчашма парранда” фабрикаси ҳар бир ярим ойда 5 мингта жўжа гўшт маҳсулотини тайёрламоқда. Бу ерда 5 киши доимий иш ўрнига эга.
Маҳалламиз Самарқанд шаҳрига туташ ҳуддудда жойлашган. Шу сабаб аксарият ёшларимиз шаҳардаги Фарҳод қўрғонида жойлашган саноат зонасида жойлашган қурилиш, фармацевтика, гилам, газ плиталар, цемент, шефир, кафель ишлаб чиқарадиган ўнлаб корхоналарда меҳнат қилишмоқда. Бундан ташқари, альюмин эшик-ромлар ва темир дарвозалар ясаш устахоналари, газаблок ҳамда плита ишлаб чиқариш цехлари, автосервис хизматлари фаолият кўрсатиб, уларда йигирмага яқин ёшлар ишлашяпти.
Аҳолимизнинг яна бир даромади деҳқончиликдан. Улар, асосан сабзи ва дуккакли экинлар экишади. Жорий йилда ҳам 62 нафар фуқаромизга 22 гектар ер майдонини деҳқончилик қилишлари учун ажратиб бердик. Маҳалламиз туман миқёсида энг кўп сабзи етиштирувчи ҳудуд ҳисобланади. Ҳар йили 130 гектаргача сабзи экилади. Бободеҳқонларимиз бир гектардан 40 тоннагача сабзи йиғиб-териб олишмоқда.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасидан ҳам имкон қадар самарали фойдаланяпмиз. Жорий йил биринчи мавсумда ғолиб бўлиб, 16-боғчамизга 50 ўринли қўшимча ҳамда умумий овқатланиш бинолари қурилишига эришдик. Иккинчи мавсумда 20-мактабга қўшимча бино қурилиши лойиҳаси билан қатнашиб, 3,5 мингта овоз йиғдик. Ҳозир 5-ўринда турибмиз, агар қўшимча маблағ ажратиладиган бўлса, бу лойиҳамиз ҳам амалга ошади.
Шу кунларда “Қамчин ота” зиёратгоҳи ободонлаштирилиб ҳудуднинг 1 километр қисми асфальтланди. Зиёратгоҳнинг ички ҳудуди ва ёнидаги масжид ҳам таъмирланмоқда.
Аҳолини куз-қиш мавсумида ёқилғи билан таъминлаш ишлари ҳам жадаллик билан давом этмоқда. Шу кунга қадар 100 та хонадонга 50 тонна кўмир тарқатилди.
Биргина муаммоимиз – 20-мактабдан Сарчашма-1 қишлоғига қадар 1 700 метр йўл асфальтланиб, ўқувчи-ёшлар учун махсус пиёда йўли қурилиши керак.
Таклифимиз, маҳалламиз ҳудудидан ўтувчи асосий автомобиль йўл четида сервис хизматини янада ривожлантириш зарур. Бунинг учун имкониятлар бор, фақат зарур кредитлар ажратилса бўлгани. Негаки йил якунланишига ҳали бир неча ой бўлса-да, катта кредит маблағларни ажратиш бироз қийин бўляпти. Масалан, “Корол медикал” клникаси биноси қурилиши якунланди. Зарур тиббий жиҳозлар олиб келиб ўрнатилса, ўз фаолиятини бошлайди, қўшимча 25 та иш ўрни ҳам яратилади. Бироқ тадбиркоримиз учун 1 миллиардга яқин имтиёзли кредит олиш муаммо бўляпти. Биз ҳам тегишли мутасаддиларга мурожаат қилдик, лекин масъуллар кейинги йилга дейишяпти. Шу масалада ёрдам берсаларингиз ҳам аҳолимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатилади, ҳам янги иш ўринлари яратиларди.
Баҳодир ЎРОҚОВ,
Жомбой туманидаги
“Саричашма” маҳалласи раиси.