“Сарчашма” — Қашқадарё вилоятининг сўлим табиатли гўшаларидан бири. Авваллари бу ерга келиш учун пасту баланд, ўнқир-чўнқир тоғ йўлидан махсус, тоғ йўлларига мослашган машиналарда боришнинг ўзи машаққат эди. Йўл масаласи тоғ қишлоқлари аҳолисининг ушалмас орзусига айланганди. Айниқса, қиш-қировли кунларда туман марказига тушиб бўлмасди. Зарурат бўлмаса тушмасди ҳам. Мана, бугунга келиб, ҳудудда бунёдкорлик ишлари авжида.
Ободлик ишлари доирасида “Ҳисорак — Сарчашма” автомобиль йўлининг 12 километр қисмида асфалтьлаш ишлари амалга ошириляпти. Эни 4,5 метр, қалинлиги 10 сантиметр ўлчамда асфальт ётқизилмоқда. Илгари 2-2,5 метр бўлган йўл ҳозирги кунда 7 метргача кенгайтирилди. Жарлик томонга бетон тўсиқлар қуйиб чиқилмоқда. Шу вақтга қадар 4 километр жойга асфальт ётқизилди. Жорий йил ҳисобидан йўлнинг 6 километр қисмини асфальт ва бетон қоришма билан қоплаш кўзда тутилган. Кейинги йил қолгани қилинади. Чунки тоғ йўли бўлгани учун асфальт ётқизишгача йўлни тайёрлаш, кенгайтириш, текислаш ишлари анчагина вақт талаб этади. Бундан ташқари, сел сувларини қочириш учун керакли жойларга 28 та турли ўлчамдаги металл қувурлар қўйилмоқда.
4 700 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Сарчашма қишлоғи Қирққиз, Шоҳ юрти, Айритоғ чўққилари этагида жойлашган. Бу ерда, асосан, тожик миллатига мансуб кишилар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, ҳаёт кечиради. Деярли ҳар бир хонадон ўзи учун ажратилган ерда деҳқончилик қилиб, ҳар йили тонналаб картошка, олма, ёнғоқ каби маҳсулотларни бозорга чиқаради. Уста бободеҳқонлардан бири Амирқул Ёров ҳовлиси ва дала томорқасидаги ёнғоқ дарахтларидан ҳар йили 1 тоннагача ҳосил олади. Пешона тери билан топилган даромаднинг гашти ўзгачалигини, меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслигини деҳқонларимиз бот-бот такрорлашдан чарчамайди.
Маҳаллага келган киши ҳамма иш билан бандлиги, кимдир ёнғоқ қоқаётгани, кимдир олма тераётгани, яна бошқа биров картошка кавлаш билан овора эканини кўради. Бу йил қиш совуқ келди, бироқ сарчашмаликлар дарахтларни совуқ уришидан асраб қолишди. Гап шундаки, пастга нисбатан тоғ томонларда баҳор 1,5-2 ой кеч бошланади. Куз ҳам эрта тушади. Шунинг учун бўлса керак, дарахтларимизга совуқ кўп таъсир қилмайди. Қишлоғимизда деярли ҳамманинг томорқаси бор. Ками 10-15 сотихдан. Бу ерда боқиманда одамни тополмайсиз. Ҳамма меҳнат қилади.
Ислоҳотлар шабадаси сарчашмаликларнинг турмуш тарзи, ҳаётини ҳам ўзгартирмоқда. Айниқса, доим ўчоқ-қозон ва бола тарбияси билан банд бўлган хотин-қизларнинг юмушлари енгиллашган. Очиғи, улар илгари сира рўзғор ишларидан ортмасди. Мана газ баллонлари келиб, ўчоқдан қутулдик. Янги боғча очилиб, фарзандларимиз қатнаяпти, замонавий таълим оляпти. Энди аёлларнинг бўш вақти кўпайди. Ўзига қарашга, бирор ҳунарни давом эттиришга имкон пайдо бўлди.
Аксарият меҳмонларни “Сарчашма”да эгри-бугри бўлиб, тепаликка томон ўрлаган кўчалар икки четидаги хонадонларнинг бирортаси девор билан ўралмагани қизиқтиради. Бу нимадан дарак беради? Қишлоқда “қўли эгри” одам йўқлигидан, ҳамма ўзига тўқлигидан… Синамоқ учун қишлоқнинг исталган ерига буюмингизни қўйиб кетинг, то ўзингиз қайтиб келмагунингизча биров тегмайди. Қишлоққа бегона кўз ораласа, дарров ҳамма билади.
Эътибориси, қишлоқдошларимиз билан келишган ҳолда, ҳудуд тарихини ўзида акс эттирувчи музей ташкил этдик. Фойдаланилмай турган қадимий масжид биносида ташкил этилган ушбу музей қишлоқ одамларининг турмуш тарзи, урф-одатлари ва анъаналари акс эттирувчи минглаб экспонатларга тўла. Бу хайрли ишнинг ташаббускори шу ерлик рассом Фурқат Абулов саналади. Музейдаги экспонатларнинг энг қадимийси тарихчиларнинг айтишича, 8-асрга тааллуқли сопол товоқ саналади. 13-асрларга тааллуқли найза ўқи ҳам қадимий экспонатларимиздан. Маҳаллага келган меҳмон борки, албатта, музейни бир бора томоша қилади.
Фазойил ЧОРШАНБИЕВ,
Шаҳрисабз туманидаги
“Сарчашма” маҳалласи раиси.