Сир эмас, аксарият соҳалардаги ислоҳотлар кўпроқ марказда, шаҳар ва туманларда ўз самарасини кўрсатиб, янгилик қуйи бўғинларга тушгунча анча вақт ўтар, буни одамлар ўз ҳаётида сезиши учун кўп кутишига тўғри келарди. “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонлари асосида бошланган хайрли ташаббус туфайли энди энг чекка қишлоқлар ҳам обод масканларга айланмоқда.
Маъмурий жойлашувига кўра, Кодравон, Янги ҳаёт, Янгийўл, Чоробод, Болин, Дейча, Зарафшон каби еттита қишлоқдан ташкил топган маҳаллада 2 500 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Хатлов натижасида якка тартибдаги ҳовли-жойларда 167 та муаммо аниқланиб, ҳозирда 123 таси манзилли ҳал этилди, 27 та хонадондан 18 таси талаб даражасига келтирилди. Бир километр йўлак қурилди, 6,6 километр ариқ, коллектор-зовурлар тозаланди. Шунингдек, 2 километрдан зиёд ичимлик суви қувурлари таъмирланди, маҳаллага янги трансформатор ўрнатилди.
Биргина бу эмас. Дастурга мувофиқ, Зиёда Қозоқова сингари ўнга яқин боқувчисини йўқотган, ёлғиз оналарга уй-жойи таъмирлаб берилаётгани баробарида, ҳоким ёрдамчиси ваколати доирасида қирққа яқин эҳтиёжманд оила вакили, ёшларга 33 миллион сўмгача имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Ишсизлиги аниқланган 37 нафар фуқародан 25 нафарининг бандлиги таъминланди. 6 нафарига тадбиркорлик учун 180 миллион сўмлик кредит олишда ёрдам кўрсатилди. 5 нафар ёшга юк мотоцикли, яна шунча йигит-қизга мотокультиватор, пайвандлаш аппарати, тикув машинаси берилди. Олий таълим даргоҳида ўқиётган 3 нафар йигит-қизнинг контракт-шартнома тўлови қоплаб берилган бўлса, 6 та эҳтиёжманд оила аъзоларининг тиббий даволаниш харажатларига моддий ёрдам кўрсатилди.
Қолаверса, маҳалладаги 3000 метр электр тармоқлари янгиланди, 55 та таянч бетон устунлар ўрнатилди. Қолаверса, Болин қишлоғида 550 метр, Кодравон қишлоғида 600 метр, Зарафшон қишлоғида 180 метр, Дейча қишлоғида 80 метр, Янгийўл қишлоғида 150 метр, Чоробод қишлоғида 50 метр, Янги ҳаёт қишлоғида 100 метр, жами узунлиги 1,7 километр ички тупроқ йўлига шағал ётқизилди. Дейча ва Янгийўл қишлоқлари оралаб ўтган йўлнинг 6 километр қисми ва қўшни “Садир” маҳалласининг Макадит қишлоғи билан Дейча қишлоғини туташтирувчи 3 километр ички йўлга асфальт қоплангани одамларимизни жуда мамнун қилди.
Умуман олганда, бизни бир умр қийнаган муаммолар бирин-кетин ечимини топяпти. Янги-янги бинолар қурилиб, йўлларимизга асфальт ётқизиляпти. Электр, сув, газ билан боғлиқ оғриқли масалаларимиз бартараф этиляпти. Айниқса, зиёратгоҳ ва қабристонимизнинг обод бўлганидан қувончимиз чексиз. Энди ҳеч иккиланмай, вилоят ёки туман марказида дўст-биродаримизни учратиб қолсак, ғурур билан “Қишлоғимизга бир келиб кетинг…”, дея мулозамат кўрсатадиган бўлдик.
Газета орқали турли ҳудудлардаги раислар фикр-мулоҳазалари, таклифларини кузатиб бораман. Айрим ҳолларда улар томонидан ҳақиқатда барча маҳаллаларни қийнаётган масалалар ўртага ташланади, шу билан бирга, битта маҳалла миқёсида ҳал қилса бўладиган камчиликлар ҳақида ҳам сўз боради. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, маҳалла раиси ҳудудга масъул шахс эканини ҳис этиб яшаши керак. Шундагина йиғинда муаммолар кузатилмайди.
Ҳар бир масалага қонунан ва масъулият билан ёндашилса, одамларни алдамаса, уларни эшитишни билса, муаммо билан келган одамнинг ўрнига ўзини қўйиб кўра олса, камчиликлар ҳам ўз-ўзидан ечим топади. Охирги йилларда маҳалламизда бирорта ажралиш ва жиноятчилик ҳолати кузатилмаганини айнан шу билан изоҳлаш мумкин. Бу, албатта, фақат менинг эмас, йиғин фаолларининг ҳар бир хонадонга кириб боргани, ҳар бир фуқаро билан ҳудди ака-ука, опа-сингил бўлиб муносабатда бўлаётгани натижасидир.
Яна бир гап: кўп эшитиб қоламиз, қайсидир раис масъул котиб етишмаётганидан нолийди, қайси бири ҳужжатларни юритишдаги муаммолардан сўз очади, яна бошқаси ўринбосарлар ишламаётганини айтади. Бу ҳолатларни кўриб, мен англаган ҳақиқат шуки, раис маҳаллада ишни тўғри йўлга қўйса, фаоллар билан баҳамжиҳат фаолият олиб борса, барча ишларга улгуриш мумкин.
Сирожиддин ҚОБИЛОВ,
Пешку туманидаги
“Дейча” маҳалласи раиси.