Маҳалламиз қишлоқ хўжалигига ихтисослашган. Олтмишга яқин оила аукцион орқали ер олиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этган. Улар, асосан, сабзи, пиёз каби полиз маҳсулотлари етиштиришади. Чорвадорларимиз ҳам бор. 170 та тадбиркоримизнинг 110 нафари оилавий тадбиркорлар. Улар тикувчилик, қандалотчилик, эшик-ром ва деразалар тайёрлаш йўналишида фаолият юритмоқда. 4 та гидропоника, 2 та иссиқхона ҳам халқимиз дастурхонини қишин-ёзин сархил полиз маҳсулотлари билан таъминламоқда.
Маҳалламиз инфратузилмасини яхшилаш учун “Ташаббусли бюджет”дан самарали фойдаланиб келяпмиз. Уч марта ғолиб бўлдик. “Ташаббусли бюджет” орқали 1 километр, “Менинг йўлим” лойиҳаси орқали 2 километр, давлат дастури ҳисобидан 3 километр ички йўлларимиз асфальтланди.
Таклифим “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига фақат маҳаллага тааллуқли лойиҳалар киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки мактаб, боғча, шифохоналар учун давлат бюджетидан алоҳида маблағлар ажратилади. Қолаверса, бу муассасаларга маҳалла идораси қуриш, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик сув, трансформатор каби муаммоли лойиҳаларга қараганда овоз йиғиш осонроқ.
Яқинда таъмирланган еттита хонадан иборат маҳалла идорамизда шароитлар етарли. Йиғин қошида тикучилик цехини ҳам ташкил қилганмиз. Бу ерда учта хотин-қизимиз бандлиги таъминланган бўлиб, улар буюртма асосида турли буюмлар тикишади. Энг муҳими, ҳар 3 ойда 15 нафар хотин-қизларимиз тикувчилик бўйича ўқитилади. Улар уч ойлик курсни тамомлагач, сертификат олишади. Шу асосида субсидияга тикув машиналари олиб, мустақил иш бошлашади.
16-мактабда ҳам ўқувчи-ёшлар учун ҳунармандчилик, тикувчилик тўгаракларини ташкил этганмиз. Шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказида фитнес ва шейпинг заллари фаолияти йўлга қўйилган.
Бевосита Президентимиз ташаббуслари билан “Маҳалла бюджети”нинг ташкил этилиши келгусида кўплаб муаммоларни самарали ва тезкор ҳал этишимизга хизмат қилади. Энг муҳими, маблағ билан боғлиқ муаммолар турли ташкилотларга хат-ҳужжатлар йўллаш орқали эмас, бевосита “маҳалла еттилиги” орқали ҳал этилади. Бу эса, аҳолимизнинг маҳаллага бўлган ишончини оширади.
Яна бир таклифим, ҳужжат юритувчи штати ташкил этилса, кўплаб хат-ҳужжатлардан халос бўлиб, аҳоли билан кўпроқ мулоқотда бўлардик. Мулоқотлар эса муаммолар ечимидир.
Садоқат РЎЗМЕТОВА,
Хива шаҳридаги
“Қиёт” маҳалласи раиси.