— Маҳалламизда истиқомат қилувчи аёл турмушидан ажрашган ва ёлғиз фарзанди учун алимент олади. Унинг айтишича, эрининг маоши яхши бўлса-да, алимент суммаси жуда кам тушади. Бу фуқаро ҳолат аниқлик киритиш учун кимга мурожаат қилса бўлади?
Валижон ХАИТОВ,
Гулистон туманидаги
“Ишонч” маҳалласи раиси.
Аброрбек ЭЪЗОЗХОНОВ,
“Мадад” НТТ ҳуқуқшуноси:
— Оила кодексининг 99-моддасига мувофиқ, алимент суд томонидан белгиланганда алимент тўловчининг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир болага – тўртдан бир қисми, икки болага – учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ болага – ярмиси миқдорида ундирилади.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизи (ҳозирги кунда 259 700 сўм)дан кам бўлмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 11-моддасига асосан, ундирувчи биринчи навбатда Давлат ижрочисига ариза билан мурожаат қилиб, қарздорнинг иш ҳақи ва қарздорлик далолатномасидан нусха олиши лозим бўлади. Шу асосда қарздор тўлаши лозим бўлган сумма ҳамда қарздор тўлаган суммага аниқлик киритилади.
Агар ҳақиқатдан ҳам қарздор тўлаётган алимент миқдори ижро ҳужжатларида мавжуд маълумотномаларда ҳам кам тўланётгани аниқланса, юқоридаги қонуннинг 64-моддасига асосан, ундирувчи алимент пуллари тўғри ушлаб қолинаётганини текшириш учун давлат ижрочисига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Мурожаатга кўра давлат ижрочиси қарздор ишлаётган ташкилотнинг бухгалтери ҳисоботларини текшириб, масалага ойдинлик киритади.