Йиғинимиз туман марказидан 18 километр узоқликда жойлашган. 512 та хонадонда жами 2 653 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли асосан деҳқончилик ва чорвачилик ортидан рўзғор тебратади, уйлар қуради, тўйлар қилади.
Маҳалламизда тадбиркорлик субъектларининг сони кўпайгани ҳисобига 20 та янги иш ўринлари яратилди. Ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида ажратилган имтиёзли кредитлар эвазига ишсизлар ишли бўляпти, тадбиркорлар фаолиятини кенгайтирмоқда. Маҳаллада йил бошида ўтказилган хатлов натижасида 19 нафар ишсизлар аниқланган бўлса, бугунга келиб уларнинг 4 нафари ишсиз. Уларни доимий ва ҳақ тўланадиган ишларга жойлаштиришни режа қилиб турибмиз.
Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, жорий йил биринчи чорагида 12 нафар фуқарога 410 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 18 та янги иш ўринлари яратилди.
Бешбой кўчасида истиқомат қилувчи Зумрад Жўраева 33 млн. сўм имтиёзли кредит ҳисобига қурилган кичик овқатланиш шохобчасидан мўмайгина даромад топяпти. Шу билан бирга, у маҳалладошларининг 5 нафарини доимий иш билан таъминлаган.
Ушбу кўчада яшовчи тадбиркор Нуркен Керимбоев маҳалла ҳудудида сутни қайта ишлаш цехини ташкил қилиб, йиғиндаги 7 нафар хотин-қизни ишли қилди. У етиштирган сут ва сут маҳсулотларининг номи нафақат ўзимизнинг бозорларда, балки қўшни давлатларда ҳам донғи кетган. Шу боис маҳсулотларини чет давлатларга экспорт қилади.
Шунингдек, «Аёллар дафтари»даги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Жумладан, кўмакка муҳтож, кам таъминланган 8 нафар аёлга имтиёзли кредитлар эвазига тикув машиналари олиб берилиб, ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашдик. Яна 5 нафарига субсидия асосида турли асбоб-ускуналар олиб берилди. Бундан ташқари, «Темир дафтар»га киритилган «Бўкса суягининг емирилиши» касаллиги билан оғриган Сарвиноз Нозимбоевага соғлигини тиклаши ва даволаниши учун «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан 20 млн. сўмлик моддий ёрдам ажратилди. Ногиронлиги бўлган Ўлданой Шонгоровага эса даволаниши учун жамғарма ҳисобидан 2 млн. сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Умуман олганда, ҳудудда тадбиркорлик субъектларининг кўпаяётгани аҳолининг маҳалладан чиқмаган ҳолда даромад топишига имконият яратмоқда. Бугун бу ерга келсангиз, бирорта кишининг бекор юрганини кўрмайсиз. Ҳамма тадбиркорлик ортидан даромад топиб, рўзғорини тебратяпти.
Айдар ТЎЛАБОЕВ,
Ўрта Чирчиқ туманидаги
«Бешбой» маҳалласи раиси.