Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки масала ҳал этилса, маҳалланинг кимга, қаерга ва қайси ҳудуд учун масъул экани аниқлашади.
Маҳалла ҳақида гап кетганда, кўпинча унинг раиси, “еттилик” тизими, аҳоли муаммолари, ободонлаштириш ёки ижтимоий ҳимояси тилга олинади. Аммо самарали бошқарувнинг яна бир муҳим, лекин кўзга кўп ташланмайдиган шарти бор: маҳалланинг ўзи аниқ идентификация қилинган бўлиши керак.
Қайси кўча қайси маҳаллага қарайди? Икки маҳалла ўртасидаги чегара қаердан ўтади? Бир ҳудуднинг расмий номи қайси? Бир хил номдаги маҳаллаларни қандай фарқлаш мумкин? Электрон тизимдаги маълумот билан кадастр, солиқ, статистика ва бошқа идоралардаги маълумот бир-бирига мос келадими?
Бу саволларга аниқ жавоб бўлмаса, маҳалла бошқаруви қанчалик яхши ташкил этилмасин, тизимда “кўринмас бўшлиқлар” пайдо бўлаверади.
Шу нуқтаи назардан, “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан тасдиқланган “Маҳалла фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”да маҳаллалар чегараларини тасдиқлаш ва уларнинг номларини қонунчилик талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш вазифаси белгилангани — тизимни тартибга солишнинг муҳим қадами.
МАҲАЛЛАНИНГ ЧЕГАРАСИ ҚАЕРДАН ЎТАДИ?
Маҳалла чегараси — масъулият ҳудуди. Бугун бир “маҳалла еттилиги” аҳолининг мурожаатини ўрганаётганда, “хонадонбай” иш олиб бораётганда ёки ободонлаштириш режасини тузганда, ўз ҳудудини аниқ билиши керак.
Айтайлик, бир кўчанинг бир қисми бир маҳаллага, давоми эса бошқа маҳаллага қараши мумкин. Янги қурилган уйлар қайси маҳалла таркибига кириши масаласи очиқ қолиши эҳтимол. Ҳатто айрим ҳолларда аҳоли ўзини қайси маҳаллага тегишли эканини аниқ билмаслиги ҳам мумкин.
Бу эса фақат ташкилий ноқулайлик эмас. Чунки маҳалла ҳудуди — аҳоли ҳисобини юритиш, ижтимоий хизматларни режалаштириш, ишсизлик ва камбағалликни аниқлаш, инфратузилма эҳтиёжини белгилаш, мурожаатлар билан ишлаш, ободонлаштириш ва жамоатчилик назоратини ташкил этишдаги бошланғич нуқта.
Шу боис Кадастр агентлиги тақдим этган кадастр ҳужжатлари асосида маҳаллалар чегараларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тасдиқлаши муҳим. Чегаранинг маҳалла биносига чизма кўринишида ўрнатилиши эса ҳудуднинг очиқ ва ҳамма учун тушунарли бўлишига хизмат қилади.
Бироқ масалани шу билан чеклаб қўймаслик керак. Энг муҳим кейинги қадам — тасдиқланган чегараларни рақамли геомаълумотлар билан боғлаш. Яъни “Рақамли маҳалла” платформасида ҳар бир маҳалланинг аниқ электрон чегараси, кўча ва уй рақамлари, хонадонлар сони, аҳоли таркиби, ижтимоий объектлари, мавжуд инфратузилмаси ўзаро боғланган ҳолда кўриниши керак.
Яна бир таклиф: маҳалла чегараларини ўзгартиришнинг ягона, очиқ тартиби ишлаб чиқилиши лозим. Янги мавзелар пайдо бўлса, аҳоли сони кескин ошса ёки ҳудудий ўзгариш зарурати туғилса, чегара қандай мезонлар асосида қайта кўриб чиқилиши олдиндан белгиланиши зарур. Акс ҳолда бугун тартибга солинган харита эртага яна эскириб қолиши мумкин.
МАҲАЛЛА НОМИ — УНИНГ МАНЗИЛИ ВА ИДЕНТИФИКАТОРИ
Маҳалла номи — ҳудуднинг расмий идентификатори. Бир хил номдаги бир нечта маҳалла мавжуд бўлса, бу нафақат адашиш, балки ахборот тизимларида маълумотларни ажратиш, расмий ҳужжатларни юритиш, статистик ҳисоботларни шакллантириш ва аҳолига хизмат кўрсатишда ҳам муаммо келтириб чиқариши мумкин.
Шунинг учун ҳудудий комиссиялар билан ҳамкорликда барча маҳаллалар, жумладан, бир хил номда юритиладиган ва номлари белгиланган талабларга жавоб бермайдиган маҳаллалар номларини қайта кўриб чиқиш — кечиктириб бўлмайдиган вазифа. Бу ерда энг муҳим тамойил — маҳалла номини танлаш маданиятини шакллантириш. Маҳалла номида унинг тарихий хотираси, ҳудудий хусусияти ва аҳоли учун маънавий аҳамияти инобатга олиниши керак.
ЭНГ КАТТА НАТИЖА — ЯГОНА РЕЕСТР
Маҳалла чегараси аниқланди, номи тартибга келтирилди. Энди энг муҳим савол: бу маълумот қаерда ягона манба сифатида сақланади? “Йўл харитаси”да маҳалла номларининг “Рақамли маҳалла” платформасидаги маҳалланинг ягона реестри модули орқали юритилиши айнан шу эҳтиёжга жавоб беради.
Бу келажакда “маҳалланинг ягона рақамли паспорти”га айланади. Масалан, бир маҳаллада мактабга эҳтиёж бор-йўқлиги, қайси кўчада йўл таъмири зарурлиги, қанча хонадонга ижтимоий хизмат кераклиги ёки қайси ҳудудда аҳоли зичлиги ортиб бораётгани рақамлар асосида кўриниши мумкин. Демак, аниқ чегара — аниқ ҳисобга, аниқ ном — аниқ маълумотга, ягона реестр эса аниқ бошқарувга олиб келади.
БУ ЎЗГАРИШ НИМА БЕРАДИ?
Энг аввало, маҳалла аниқ белгиланган бошқарув бирлигига айланади. Қайси хонадон, қайси кўча, қайси инфратузилма объекти учун ким масъуллигида ноаниқлик камаяди. Давлат дастурлари маҳаллага тақсимланаётганда маълумотларнинг аниқлиги ошади. Идоралар ўртасидаги маълумотлар тафовути қисқаради. Кадастрда бир хил, статистикада бошқача, бошқа ахборот тизимида яна бошқа ном билан юритиладиган ҳудудлар муаммосига барҳам берилади.
Юқоридагиларга кўшимча равишда яна бир нечта жиҳатга эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ. Жумладан, “Маҳалла харитаси” очиқ бўлиши лозим. Фуқаро ўз маҳалласининг электрон чегараси, номи ва асосий маълумотларини “Рақамли маҳалла” ёки давлат хизматлари тизими орқали кўра олиши керак. Ҳар бир маҳаллага уникал код бериш зарур. Ном ўзгариши мумкин, ҳудудий қайта ташкил этиш бўлиши мумкин. Аммо уникал идентификатор сақланса, статистика ва рақамли маълумотлар узлуксизлиги таъминланади.
Янги ҳудудларни тўғридан-тўғри тизимга киритиш тартибини яратиш даркор. Янги кўча, массив ёки тураржой мажмуаси пайдо бўлганда, унинг қайси маҳаллага тегишлилиги кейин ҳал қилинадиган масала эмас, қурилиш ва кадастр жараёни билан уйғунлашган ҳолда олдиндан белгиланиши лозим. Шунингдек, маҳалла номи ўзгартирилганда барча давлат ахборот тизимларидаги маълумотларни синхрон янгилайдиган тизим яратилиши керак.
***
Маҳаллалар чегараларини аниқлаш ва номларини тартибга солишни оддий маъмурий-техник иш сифатида қабул қилиш катта хато бўлади. Гап — маҳалланинг ҳуқуқий ва рақамли идентификациясини аниқ белгилаш ҳақида кетмоқда. Чегараси аниқ бўлмаган маҳаллада масъулият тарқоқлашади. Номи турлича ёки бир хил бўлган маҳаллаларда маълумотлар адашиши мумкин. Маълумоти турли тизимларда турлича юритилган ҳудудда эса аниқ бошқарув қарорини қабул қилиш қийин. Шунинг учун бугун чизилаётган чегара ва тартибга келтирилаётган номлар эртанги рақамли бошқарувнинг пойдевори бўлади.
Санжар ИСМАТОВ.