НУҚТАИ НАЗАР
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2026 йилги иккинчи мавсуми учун лойиҳаларни қабул қилиш жараёни якунланди. Лойиҳанинг бу мавсуми учун 2 триллион 187,7 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Ғолиб маҳаллалар эмас, фаол маҳаллалар кўпайиши керак
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси сўнгги йилларда аҳолининг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминлаган энг самарали тизимлардан бирига айланди. Бу орқали юзлаб мактаблар таъмирланди, ички йўллар асфальт қилинди, ичимлик сув тармоқлари янгиланди, болалар майдончалари қурилди, кўчалар ёритилди.
Бироқ рақамлар ортида бошқа бир ҳақиқат ҳам бор. Ҳар бир овоз бериш мавсуми якунлангач, мамлакат бўйлаб юзлаб маҳаллалар бирорта ҳам лойиҳа билан қатнашмагани ёки қатнашса-да, етарлича овоз тўплай олмагани маълум бўлади. Натижада бир ҳудуд кетма-кет ғолиб чиқса, бошқаси бир неча йилдан буён бирор лойиҳасини амалга ошира олмаяпти.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 16 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, лойиҳа доирасида 2026 йилда 7,5 триллион сўм ажратилган бўлса-да, 2 136 та маҳаллада бирорта лойиҳа ғолиб чиқмаган. Давлатимиз раҳбари маҳалладаги ҳамжиҳатлик, дахлдорлик ва ташаббускорлик айнан шундай амалий натижалар билан ўлчанишини таъкидлаган эди.
Савол туғилади: муаммо “Ташаббусли бюджет” тизимидами ёки маҳаллаларнинг ўзидами? Таҳлиллар иккинчи жавоб ҳақиқатга яқинроқ эканини кўрсатади.
“Овоз йиғиш” кампанияси тизимли ишга айланмаяпти
Кўпчилик маҳаллаларда лойиҳалар ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб эмас, овоз бериш бошланишига бир неча кун қолганда шошилинч тарзда тайёрланади.
Аҳоли фикри ўрганилмайди. Кўча-кўй, хонадонлар кесимида қандай муаммо устувор экани бўйича муҳокама ўтказилмайди. Натижада бир маҳаллада бир вақтнинг ўзида бир нечта майда лойиҳалар таклиф қилиниб, овозлар бўлиниб кетади. Бошқа маҳаллалар эса битта йирик ва аҳолини бирлаштира оладиган ташаббус атрофида жипслашади. Демак, муаммо овоз беришда эмас, тайёргарлик жараёнидадир.
Ғолиб маҳаллалар тажрибасига назар ташласак, улар овоз беришни бир неча кунлик акция деб эмас, пухта режалаштирилган жараён, деб қабул қилади.
Айрим маҳаллаларда эса барча ишлар маҳалла раиси ёки бир-икки фаолнинг зиммасида қолиб кетади. “Маҳалла еттилиги” ва бошқа масъуллар ягона жамоа сифатида ҳаракат қилмайди. “Аҳоли овоз бермади”, деган хулоса кўпинча ҳақиқатни акс эттирмайди. Тўғрироғи, аҳоли билан етарлича ишланмаган бўлади.
Овоз бериш жараёни рақамли платформалар орқали амалга оширилади. Аммо айрим маҳаллаларда ёши катта фуқаролар, имконияти чекланган инсонлар ёки смартфондан фойдаланишни билмайдиган аҳоли қатлами етарлича кўмак олмайди. Баъзан одамлар овоз беришни хоҳлайди, лекин техник қийинчиликлар боис бу имкониятдан фойдалана олмайди. Бу ҳолат, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яққол сезилади.
Энг катта хато — натижани фақат раисдан кўриш
Айрим ҳолларда ғолиб бўлмаган маҳалла учун барча масъулият маҳалла раиси зиммасига юкланади.
Бу адолатли ёндашув эмас. Чунки “Ташаббусли бюджет” маҳалла раисининг шахсий лойиҳаси эмас. Бу — бутун маҳалла жамоасининг, “маҳалла еттилиги”нинг, депутатларнинг, фуқаролар йиғинлари фаолларининг ва энг муҳими, аҳолининг умумий ишидир. Агар шу занжирнинг битта бўғини ҳам суст ишласа, натижага эришиш қийинлашади.
Нега баъзи маҳаллалар йилма-йил ғолиб чиқаверади? Бу савол ҳам жиддий таҳлил талаб қилади. Кўп ҳолларда уларнинг аҳолиси кўплиги эмас, балки ташкилий ишлар кучлилиги ҳал қилувчи омил бўлади. Бундай маҳаллаларда аҳоли билан йил давомида мулоқот узилмайди, фаоллар рўйхати шакллантирилган, ёшлар ва кўнгиллилар гуруҳи ишлайди. Ҳар бир кўча кесимида масъуллар белгиланган, лойиҳа овоз бериш бошланмасидан анча олдин аҳоли билан келишиб олинади. Яъни ғалаба тасодиф эмас, тизимли меҳнат натижасидир.
Нима қилмоқ керак?
Масалани ҳал қилиш учун оддий чақириқлар етарли эмас. Амалий тизимлар керак.
Аввало, ҳар бир маҳаллада “Ташаббусли бюджет” бўйича доимий ишчи гуруҳ ташкил қилиниши лозим. У фақат овоз бериш мавсумида эмас, йил давомида фаолият юритиши керак.
Иккинчидан, маҳалланинг муаммолар реестри шакллантирилиши зарур. Қайси кўчада йўл, қаерда ичимлик сув, қаерда электр таъминоти ёки болалар майдончаси етишмаслиги аниқ рақамлар билан юритилиши лозим. Шунда лойиҳалар шошилинч эмас, тайёр ҳолда тақдим этилади.
Учинчидан, “маҳалла еттилиги”нинг ҳар бир аъзоси учун овоз бериш даврида аниқ вазифалар тақсимланиши шарт. Бу жараён битта раҳбарнинг эмас, бутун жамоанинг масъулиятига айланиши керак.
Тўртинчидан, рақамли кўмак нуқталарини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Ёши катта ёки техник имконияти чекланган фуқароларга овоз бериш тартибини тушунтириш ва амалий ёрдам кўрсатиш тизимли йўлга қўйилиши лозим.
Бешинчидан, ҳар бир овоз бериш мавсуми якунланганидан кейин ғолиб ва мағлуб маҳаллалар тажрибаси алоҳида таҳлил қилиниши, энг яхши амалиётлар оммалаштирилиши керак.
***
“Ташаббусли бюджет”нинг асосий мақсади — фуқарони ўз маҳалласи тақдирига бефарқ бўлмасликка ундашдир. Шу боис, ҳар бир маҳалла камида битта пухта ишланган, аҳоли бир овоздан қўллаб-қувватлайдиган лойиҳа билан иштирок этишига эришиш зарур. Маҳалла ташаббус кўрсатмаса, ҳеч ким унинг ўрнига муаммосини ҳал қилиб бермайди. Аксинча, ташаббус билдирган, аҳолини бирлаштира олган, режали ишлаган маҳалла имкониятдан самарали фойдаланади.
Энг муҳими, “Ташаббусли бюджет”ни овоз йиғиш мусобақаси сифатида эмас, маҳалланинг ташкилий салоҳияти, жамоавий бирлиги ва фуқаролик масъулиятини намоён этадиган мезон сифатида қабул қилиш вақти келди. Ана шунда ғолиб маҳаллалар сони эмас, фаол маҳаллалар сони кўпаяди.