Тасаввур қилинг, эр-хотин ўзаро келишмовчилик ёки бошқа сабабларга кўра, маълум вақтдан буён бирга яшамаяпти. Аёл ҳомиладор. Ана шундай вазиятда, бўлажак она, гарчи ҳали фарзанди туғилмаган бўлса ҳам, турмуш ўртоғидан ҳомиладорлик даврида ўзининг таъминоти учун алимент ундириши мумкин. Чунки қонун талаби шундай.
Яқинда шу мазмундаги ишни кўриб чиқдик. Фарида Холмуродова (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Зойирбек Рустамов билан 2025 йил октябрь ойида қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганлигини, бироқ ҳозирда иккиси бирга яшамаётгани, айни вақтда ҳомиладор эканлиги сабабли меҳнат қилиш имконияти йўқлигини маълум қилган. Турмуш ўртоғи унинг таъминоти учун моддий ёрдам бермаётгани боис ҳар ойда 2 миллион сўмдан алимент ундириб беришни сўраган.
Туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси мутахассисларининг текширув хулосаларига кўра, даъвогар ҳақиқатан ҳам, олти ойлик ҳомиладор эканлиги маълум бўлган. Ўз навбатида, Зойирбек Рустамов даъвони тан олмай, агар аёли у билан бир оила бўлиб яшаса, таъминот беришини, акс ҳолда, алимент тўлашга қарши эканлигини баён қилган.
Хўш, бундай вазиятда қонун талаби нимадан иборат?
Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Мазкур кодекснинг 119-моддаси талабига кўра, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда, эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини инобатга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади. Бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг 11,5 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
Суд иш ҳолатини батафсил ўрганиб, қонун талабларига асосан, даъвогар Фарида Холмуродованинг фойдасига жавобгардан ҳомиладорлик даври тугагунига қадар ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида алимент ундиришни лозим деб топди.
Жасуриддин АБДУСАТТАРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Ғаллаорол туманлараро суди раиси