ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ
Маҳаллада иш бошлаган вақтим жуда ёш эдим. Ич-ичимдан қўрқув ва ҳадик бор эди. Атрофдагилар ҳам бирор натижа кўрсатишимга шубҳа билан қарашди. Лекин бу тўсиқларни енгиб ўтиш учун ўзимда куч топдим. Фақат олға интилдим, ўқидим, изландим. Қолаверса, йиллар давомида тўпланган тажриба сабаб халқ ишончини қозона олдим.
Ҳар куни тонгни янги мақсад ва орзулар билан бошлайман. Ниятларимда ҳудудимизда истиқомат қиладиган аёлларнинг бахтли ва хотиржам ҳаёт кечириши мужассам. Бу йўлда баъзан ярим тунга қадар идорада қолиб кетаман. Иш жуда кўп. Ҳал этиладиган муаммолар талайгина.
Айни вақтда иккита маҳалла ҳудудида фаолият юритаман. “Ибрат”да ҳаммаси жойида. Хотин-қизлар анча фаол. Ишсизлар деярли йўқ. Аёллар мунтазам равишда янги ташаббуслар ва лойиҳаларни амалга ошириб келяпти.
“Ахиллик” маҳалласида эса вазият бироз жиддий. Кўп оилаларда эркаклар аёлининг ишлашига рухсат бермайди. Фақатгина фарзанд тарбияси ва рўзғор юмушлари билан банд бўлишини истайди. Лекин улар орасида иқтидорли ва иштиёқи баландлари кўп. Шундай опа-сингилларимизни уй шароитида бандлигини таъминлаяпмиз. 5-6 нафар чеварни бир хонадонга йиғиб, тикувчилик билан шуғулланишига шароит яратиб бердик.
Аёлнинг ижтимоийлашувини таъминлаш, жамиятдаги ўзгаришлар билан ҳамнафас яшашини таъминлаш оила муҳитига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Фарзандлар тарбиясига муҳим аҳамият касб этади. Шу боис гарчи хонадон вакиллари моддий жиҳатдан ўзига тўқ бўлишига қарай, аёлни меҳнат қилишга ундаяпмиз.
Мазкур ҳудудда ишсизлик кўрсатикичини камайтириш учун ишлаб чиқариш корхоналарига эҳтиёж баланд. Хотин-қизлар узоққа қатнашдан кўра, уйига яқингина жойда ишлаши уларга ҳар жиҳатдан маъқул. Шунда рўзғор юмушларига ҳам бемалол улгура олади.
Хотин-қизлар фаоли сифатида низо келиб чиққан оилаларга тез-тез киришимга тўғри келади. Келиша олмаётган эр-хотинлар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Йигитлар ҳам, қизлар ҳам жуда сабрсиз бўлиб кетган. Ҳамма нарсага тезгина эришишни истайди. Келинларнинг қайнонага тоқати йўқ. Айримлари тўйдан олдин алоҳида яшаш шарти билан турмушга чиқяпти.
Баъзан қайноналарга ҳам ҳайрон қоламан. Уйланган ўғлини келинидан қизғонади. Ҳар ишдан камчилик қидириб, арзимаган нарсаларга жанжал кўтаради. Бу каби муаммоларни бартараф этиш учун ҳудудларда фаолият юритаётган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида қайнота-қайноналар учун ҳам махсус машғулотлар ташкил этиш керак. Келин-куёвларнинг ўқиш муддатини узайтириш натижадорликни янада оширган бўларди.
Ҳозир “еттилик” вакиллари билан бир ташкилот биноси ажратиб берган хонада ўтирибмиз. Баъзан дардини айтиш учун келган аёллар ийманибгина чиқиб кетади. Оилавий можароларни муҳокама қилиш учун шароит йўқ. Қанийди, маҳалламизнинг ўз идораси ва ҳар бир ходимнинг шахсий хонаси бўлса, аҳоли муаммолари билан ишлаш ҳам анча осон кечарди.
Умида ОРИФЖОНОВА,
Гулистон туманидаги
“Аҳиллик” ва “Ибрат”
маҳаллалари хотин-қизлар фаоли.