2025 йилги “Government AI Readiness Index” (Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик даражаси) бўйича Ўзбекистон 56,11 балл билан жаҳонда 62-ўринни эгаллаб, Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистондан (56,70 балл билан 58-ўрин) кейин 2-ўринни эгаллаб турибди.
Шунга қарамай, мамлакатда инфратузилма билан қамраб олиш нотекис: аҳолининг 66 фоиз қисмигина 4G имкониятидан фойдалана олади, қолаверса, бу имконият, асосан, жами аҳолининг тахминан 43 фоизи истиқомат қиладиган йирик шаҳарларда жамланган. Қишлоқ жойларда интернет ва рақамли хизматлардан фойдаланиш даражаси нисбатан паст.
Кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг капитал ҳажми уларнинг ҳисоблаш ресурслари ва малакали мутахассисларга эга бўлиш имкониятини чеклайди. Ваҳоланки, улар мамлакатдаги жами корхоналарнинг тахминан 92 фоизини ташкил этади, бандликнинг қарийб 75 фоизини таъминлайди, ЯИМнинг ярмидан кўпини шакллантиради. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, “GenAI”дан ҳозирда дунё бўйлаб кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг 31 фоизи фойдаланади ва уларнинг 65 фоизи ишлаб чиқариш самарадорлиги ошганини қайд этган.
Соҳадаги яна бир муаммо — гендер тафовути. Ахборот технологиялари йўналишидаги талабалар орасида аёлларнинг улуши атиги 11 фоизни ташкил этади.
Шу нуқтаи назардан, сунъий интеллект технологиялари мамлакатда иқтисодий ўсишни тезлаштириш билан бир қаторда, ҳудудлар, жинслар ва бизнес тоифалари ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий табақаланишни кучайтириши мумкин. Бунинг олдини олиш учун манзилли давлат сиёсати зарур.
Жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, сунъий интеллект меҳнат ва капиталдан олинадиган даромадлар тенгсизлигини кучайтириши мумкин. Халқаро валюта жамғармасига кўра, дунё бўйича иш ўринларининг қарийб 40 фоизи сунъий интеллект таъсирига дуч келяпти, ривожланган иқтисодиётларда бу кўрсаткич қарийб 60 фоизни, паст даромадли мамлакатларда эса 26 фоизни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, ривожланаётган давлатлар учун асосий муаммо иш жараёнларининг автоматлаштирилиши эмас, балки сунъий интеллектдан фойдаланиш кўникмаларининг турли даражада экани. Зарур кўникмалар ва инфратузилмага эга бўлганлар даромадини тезроқ оширади, бошқалар малака ва даромадлар даражаси нуқтаи назаридан тобора ортда қолмоқда.
Жаҳон иқтисодий форумига кўра, иш берувчиларнинг 86 фоизи 2030 йилгача сунъий интеллект бизнес жараёнларини тубдан ўзгартириб юборади, деган фикрда. Натижада ҳар 100 ходимдан 59 тасини қайта тайёрлашга тўғри келади, 11 нафари эса бундай имкониятдан четда қолиши хавфи мавжуд.
Шундан келиб чиқиб, сунъий интеллектнинг эҳтимолий хатарларини юмшатишда асосий эътибор “оммавий ишсизликдан ҳимояланиш”га эмас, балки сунъий интеллектни бизнесда, айниқса, кичик ва ўрта бизнес корхоналарида оммавий жорий этиш ва барча учун тенг стандарт ечимларни ишлаб чиқишга қаратилиши керак.
Ўзбекистон учун сунъий интеллектнинг асосий хавфи иш ўринларининг оммавий қисқариши эмас, турли касблар меҳнат унумдорлигидаги фарқларнинг тезлашиши туфайли даромадлар ва имкониятлар ўртасидаги тафовутнинг кенгайишидадир. Ижтимоий табақаланиш ўз вақтида қайта тайёрлаш имкониятига эга бўлиш билан юмшатилиши мумкин. Мақсадли давлат сиёсати амал қилмаса, сунъий интеллект “кўникмалари оширилаётган” ва “сиқиб чиқариладиган” ишчилар ўртасидаги тафовутни янада кучайтиради. Шу боис давлат сиёсати сунъий интеллектни шунчаки ривожлантиришга эмас, балки уни барча ижтимоий қатламлар учун очиқ ва инклюзив тарзда жорий этишга йўналтирилиши керак.
Нима таклиф қилинмоқда?
Сунъий интеллект-ассистентлар
Ҳар бир маҳалла ўз фуқароларига давлат хизматлари юзасидан маслаҳат бера оладиган сунъий интеллект ёрдамчисига эга бўлиши керак. Бунда мавжуд давлат хизматларини ягона сунъий интеллект платформасига интеграция қилиш ва интерфейсни аҳолининг рақамли саводхонлик даражасига мослаштириш талаб этилади.
Бу борада Хитой ва Жанубий Корея тажрибасини мисол қилиб келтириш мумкин. Ушбу давлатларда давлат ва маҳаллий хизматларни кўрсатишда сунъий интеллект ёрдамчилари фаол жорий этилиши маъмурий аппарат юкламасини сезиларли даражада камайтирмоқда.
Сунъий интеллект синов майдончаси дастури
Ҳудудий сунъий интеллектлар учун “синов майдонлари”ни (AI Sandbox Zones) жорий этиш ҳудудлар даражасида инновацион ечимларни тезкор синовдан ўтказиш ва жорий этиш учун махсус майдон вазифасини бажаради. Бунда ҳукумат синов учун ҳудудларни танлайди, улар учун алоҳида тартиб ишлаб чиқади ва шу ҳудудларни бошқариш учун махсус орган ташкил этади.
Бундай синов майдончаси Буюк Британияда ишга туширилганида, 700 дан ортиқ компанияга инновацион ечимларни синовдан ўтказиш имконини берган.
Аёллар ва ёшлар учун сунъий интеллект бўйича амалиёт дастурлари
Иш берувчиларга ходимларни ишга қабул қилиш ва уларни амалий рақамли кўникмалар бўйича ўқитиш учун субсидия ажратиш. Бунда дастур иш берувчиларни аккредитация қилиш, ўқитишнинг мажбурий минимал муддатини (камида 6 ой), шунингдек, иш ҳақини давлат ва иш берувчи томонидан биргаликда молиялаштириш чораларини ўз ичига олади.
Сингапур тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳақ тўланадиган қайта тайёрлаш дастурлари ва бунда иш берувчилар иштирокининг таъминланиши меҳнат бозорига ўтиш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Суғурталаш дастури
Сунъий интеллект жорий этилиши иши ёки даромадига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ходимлар учун ўтиш даврини суғурталаш тизимларини жорий этиш. Дастурни йирик иш берувчилар иш ҳақи жамғармасининг 1-2 фоизи миқдоридаги йиғим орқали молиялаштиради; сунъий интеллект таъсирига учраган ходимларнинг камида 70 фоизини қайта ўқитган компанияларга имтиёзлар берилади.
Шунга ўхшаш дастур Сингапурда жорий этилган бўлиб, қайта ўқиш даврида даромаднинг 70-90 фоизигача компенсация қилинишини назарда тутади, бу эса ходимларни қайта тайёрлашдаги иштирокини сезиларли даражада оширади.
Илҳом ИКРОМОВ,
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти бош мутахассиси,
Умида ЁҚУБЖОНОВА,
етакчи мутахассис.