“ТОП-100”: СИЗНИНГ ҚАНДАЙ ТАШАББУС ВА ТАЖРИБАНГИЗ БОР?
Йиғинимиз мамлакатимиз маҳаллалари орасида “ТОП-100” таликдан ўрин олгани бежиз эмас. Бу натижа ортида ҳар бир хонадон, ҳар бир оила ва ҳар бир фуқаро билан олиб борилган тизимли ишлар мужассам.
Маҳалламизда бир вақтлар ишсизлик, камбағаллик ва меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди. Биз ушбу масалаларга рақам сифатида эмас, инсон тақдири сифатида қарадик. Натижада ишсиз сифатида рўйхатга олинган 79 нафар фуқаронинг барчаси доимий ва даромадли меҳнат билан банд қилинди. Бунинг ортидан кўплаб оилаларнинг иқтисодий аҳволи яхшиланди, хонадонларга барака кирди.
Шунингдек, маҳалламиздаги 23 та камбағал оилани мазкур тоифадан чиқариш бўйича манзилли ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда фақат моддий кўмак бериш билан чекланиб қолмаяпмиз. Асосий эътибор оилаларнинг ўзини ўзи таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга, меҳнат қилиш ва даромад топиш учун шароит яратишга қаратиляпти. Зеро, инсонни ёрдамга ўргатиш эмас, мустақил ҳаётга тайёрлаш муҳим.
Биз эришган энг муҳим натижа — меҳнат миграцияси билан боғлиқ. Йил бошида маҳалламиздан 133 нафар фуқаро турли давлатларда меҳнат қилиб юрарди. Бу рақам ортида эса юрт соғинчи билан яшаётган юзлаб инсонлар, ота меҳрига зор фарзандлар, оиласи бағридан узоқдаги юртдошларимиз тақдири мужассам эди…
Меҳнат миграцияси фақат иқтисодий ҳодиса эмас. У оиланинг маънавий муҳитига, фарзандлар тарбиясига, маҳалладаги ижтимоий муносабатларга ҳам таъсир кўрсатади. Чет элда меҳнат қилаётган инсон пул топиши мумкин, аммо фарзандининг улғайиш жараёнини, оиласи билан ўтадиган энг қадрли лаҳзаларни ортга қайтариб бўлмайди.
Шу боис биз меҳнат миграциясига фақат иқтисодий жараён сифатида эмас, ижтимоий масала сифатида ёндашдик. Ҳар бир мигрантнинг оиласи билан учрашдик, уларнинг муаммоларини ўргандик, қайтишга тўсқинлик қилаётган омилларни таҳлил қилдик. Хорижда юрган фуқаролар билан доимий мулоқот ўрнатилди, уларга юртимизда яратилаётган имкониятлар ҳақида тушунтириш берилди. Энг муҳими, улар қайтгач, муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратдик.
Маҳалла, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар ва тадбиркорлар ҳамкорлигида қайтиб келган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди. Айримлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига жойлаштирилди, бошқалари тадбиркорликка жалб этилди, яна бир қисми касб-ҳунар ўрганиш орқали ўз фаолиятини бошлади.
Мисол учун, Санъат Қўчқоров 10 миллион сўм кредит эвазига деҳқончилик фаолиятини бошлади, Оғабек Қурбонбоев эса 33 миллион сўм кредит маблағи ҳисобидан хизмат кўрсатиш тармоғини ишга туширди. Ишсиз сифатида рўйхатга олинган Жавлонбек Ўразимбетов имтиёзли кредит орқали автомобилларни ювиш шохобчасини ташкил этди.
Натижада меҳнат миграциясида бўлган 116 нафар фуқаро Ватанга қайтарилди. Бу шунчаки рақам эмас, бу — юздан ортиқ оиланинг қайта бирлашгани, фарзандларнинг ота-она бағрига қайтгани, маҳаллада инсон капитали ва меҳнат салоҳиятининг тикланганидир.
Бугун биз бир ҳақиқатни чуқур англаб етдик: инсон ўз юртида меҳнат қилиб, оиласи даврасида яшаш имкониятига эга бўлса, бу ҳар қандай кўрсаткичдан устун натижадир. Маҳалланинг ҳақиқий тараққиёти ҳам айнан шундан бошланади.
Хитой овули тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, миграция оқибатларига қарши курашишнинг энг самарали йўли — одамларнинг ўз юртида муносиб меҳнат қилиши учун шароит яратишдир. Инсонга иш берсангиз, у даромад топади. Даромад топса, оиласи мустаҳкам бўлади. Оила мустаҳкам бўлса, маҳалла тараққий этади. Маҳалла тараққий этса, мамлакат ривожланади.
Давлатбой ОТАЖОНОВ,
Амударё туманидаги
Хитой овул фуқаролар йиғини раиси.