ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ
Маҳалладошимиз Парвина Шакарова бир неча йилдан буён спортнинг бокс тури билан шуғулланади. Шу кунга қадар кўплаб мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтариб келяпти. Хусусан, ўтган йили у 47 килограмм вазн тоифасида Осиё чемпиони бўлди. Бу ғалаба ва ғурур бошқа ёшларимизни илғомлантираётгани жуда қувонарли.
Шодиёна Маҳмудованинг енгил атлетикадан мақтаса арзигулик ютуқлари бор. Эндигина 17 ёшни қаршилаган спортчимиз республика ва халқаро миқёсидаги беллашувларда доим юқори поғоналарни забт этиб келяпти. Бундан ташқари, маҳалламизнинг бўш турган хонасида гимнастика тўгарагини ташкил этган. У кам таъминланган ва эҳтиёжманд оила фарзандларига ўз маҳорат сирларини моҳирлик билан ўргатиб келяпти. Бундай интилувчан ва шижоатли қизларимизга қараб ич-ичимиздан фахр туямиз.
Бугун ёшларимиз яратиб берилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланяпти. Йилдан-йилга олий таълим муассасасига ўқишга кираётган битирувчиларимиз сафи кенгаймоқда. Уларнинг ўз устида ишлашга, ўқиб-ўрганишга бўлган иштиёқ ортиб боряпти.
Аёлларимиз ҳам жим ўтиргани йўқ. Ҳудудимизда истиқомат қиладиган хотин-қизларнинг 90 фоизга яқини самарали меҳнат билан банд. Улар “драйвери”миз ҳисобланган савдо ва хизмат кўрсатиш йўналиши ҳамда ҳунармандчилик ортидан рўзғорига барака киритиб келяпти.
Дилфуза Шомуродова моҳир чеварларимиздан. У бўш турган бинода ташкил этган тикувчилик цехида бугун 4 нафар хотин-қизнинг доимий бандлиги таъминланган. Жорий йил бошида тадбиркорга тақдим этилган 5 миллион сўм имтиёзли кредит фаолиятини янада кенгайтириши учун қўшимча дастак бўлди. Келгусида Дилфуза опа янгидан-янги услубдаги либослар устида ишлаб, мижозлари сафини кенгайтиришни мақсад қилган.
Айни вақтда “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари ҳамда маҳалламизнинг фаол қизлари билан биргаликда янги лойиҳа устида ишлаяпмиз. Унга кўра, оғир оилавий шароитда яшаётган ҳамда ўқишдан ортда қолаётган ўқувчи қизлар учун махсус учрашув ва тадбирлар ташкил этилади. Уларнинг ички имкониятларини юзага чиқариб, янги мақсадлар сари ҳаракат қилишга ундамоқчимиз. Назаримда, бу ташаббус тез орада ўзининг ижобий натижасини кўрсатади. Зеро, маҳалладаги ҳар бир болага алоҳида эътибор ва меҳр билан ёндашилса, уларнинг ҳаётда ўз йўлини топиб кетиши анча осон кечади.
Фароғат ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Каттақўрғон туманидаги
“Ғарб Мачит” маҳалласи
хотин-қизлар фаоли.