ИНСОН ВА ТАБИАТ
Куни кеча пойтахтимизда бунёд этилаётган Миллий дендрология боғида Президентимиз бошчилигида кўчат экиш тадбири бўлиб ўтди. Албатта, дастлабки ниҳолни Юртбошимиз экиб бердилар. Мен бу жараённи кузатар эканман, таҳликали вазиятда яшаётган дунёда Ўзбекистон деган жаннатмакон юртда туғилганимга шукроналар келтирдим.
Халқимиз яратувчи, бунёдкор, меҳнаткаш, тадбиркор ва эзгу ниятларига фақат ҳаракати, келажакка бўлган ишончи туфайли эришадиган халқдир. Президентимиз ўз маърузасида халқимизнинг азалий одатлари, кўчат экиб, боғ яратишдаги фазилатларига алоҳида тўхталиб, бу эзгу қадриятлар бардавом бўлиши кераклигини таъкидлади.
Қаранг, юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида беш йил давомида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келинмоқда. Минглаб гектар майдонларда яшил боғлар, яшил жамоат парклари, кўплаб массивларда “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилиши ўз-ўзидан бўлмади, ахир. Юрт раҳбарининг катта эътибори, ташаббуси ва раҳнамолигида Орол денгизининг қуриган тубида яшил ўрмонзорлар яратилди, кўплаб туманларда сувсизликка чидамли галофит боғлар бунёд этилди. Бу йил “Мен ҳам кўчат экаман” ташаббуси доирасида 75 миллион тупдан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Мен бу рақамлар ичида бизнинг Қува тумани ҳам борлигидан қувонаман. Айниқса, узоқ йиллардан бери қилган орзуларимиз ушалди. Яъни Каркидон сув омбори ҳудуди қисқа фурсатларда таниб бўлмас қиёфага келди. Кимсасиз ётган адирликлар бағридаги 300 гектар ерга яқин майдонда “яшил белбоғ” ташкил этилиб, 10 минг тупдан зиёд дарахт кўчатлари экилди. Унга яраша суғориш тизими жорий қилинди.
Шунингдек, 50 гектар майдонда “Сокин ҳудуд”ташкил қилиниб, Хитой давлатидан келтирилган гуллар ва манзарали дарахтлар экилди. Мен яшаётган туманда маҳаллалар, кўчалар кун сайин обод бўлиб бораётганидан фахрланаман.
Кечаги тадбирда айтилган натижалар, даврадаги олимлар, шоирлар, санъаткорлар, журналистларнинг фикри мени ҳам ғоят тўлқинлантирди, руҳий қувват берди. Етмишдан ошган бўлсам, нима қариб қолибманми, дедим. Эрта тонгда набирам билан томорқамизга 15 туп хурмо дарахти экдик. Икки йил муқаддам экилган гилос кўчатларимизни парвариш қилдик. Токи биздан эртанги кунга яшил боғлар қолсин.
Бугун маҳалла фуқаролар йиғини биносига бораман, қўшниларимиз билан кўчаларимизни янада обод қилиш тўғрисида суҳбат ўтказаман. Президентимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида қилган маърузасида белгиланган вазифаларни уларга етказаман. Кейинги сафарим туман хотин-қизлар бўлими фаоллари, журналистлар, ёш ижодкорлар даврасига бўлади.
Зеро, биз оналар ўз фарзандларимизга, набираларимизга, экологик тоза ҳаётни, тинч ва осуда ватанни қолдиришимиз керак.
Омон бўлсин Она Еримиз,
Тинчлик бизга энг эзгу тилак,
Мен наслимга – келажагимга –
Тинч Ватанни беришим керак!
Зуҳра АЛИЕВА,
“Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири.