ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ
Дардни ичга ютиб яшаш қийин. Одам ким биландир суҳбатлашса, кечинмаларини унга гапириб берса, анча енгил тортади. Энг қийини эса, ўша кишига дардкашлик қилиш. Лекин биз маҳалла ходимлари шундай масъулиятли вазифани виждонан адо этиб, фақат хотиржамлик туямиз.
Мана беш йилдирки, маҳалламиздаги хотин-қизларнинг яқин сирдошиман. Қачон, қандай вазиятда бўлишидан қатъи назар уларни тинглашга тайёрман. Фақатгина далда бўлиш эса ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Баъзан муаммоларни бартараф этиш устида ойлаб ишлашга тўғри келади.
Фаолиятим давомида мени энг кўп ўйлантирадиган масала бу — оилавий ажрашишлар. Агар мавзуга таҳлилий ёндашадиган бўлсак, муаммони юзага келтираётган сабаблар сифатида фарзандсизлик ҳамда эр ёки хотиннинг миграцияда эканини кўришимиз мумкин. Шундай баҳоналар қаршисида “еттилик” имконсиз қолаётгани эса дилни ранжитади.
Айни вақтда ҳудудимизда 1 374 нафар хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги ҳунармандчиликнинг турли йўналишлари билан машғул бўлиб, вақтини мазмунли ўтказиш баробарида даромад топиб келяпти.
Шаҳноза Фахриддинова ўтган йили хусусий болалар боғчасини ташкил этди. Турмуш ўртоғи тажрибали тадбиркор бўлгани учун аёлга ҳар жиҳатдан дастак бўляпти. Ҳозирда мактабгача таълим муассасаси 150 нафар болани ўз бағрига олган. Уларга ғамхўрлик қилиш мақсадида 15 нафар ходим ишга олинган. Бу ташаббус ҳам болалар, ҳам ишсиз аёллар учун катта қулайликларни юзага келтирди.
Маҳалладошимиз Умида Маҳмудовани кўпчилик яхши танийди. Қизда I гуруҳ ногиронлиги бўлса-да, тинимсиз ўз устида ишлашдан тўхтамайди. Беш-олти йилдан буён юмшоқ ўйинчоқлар ясаб, вақтини мазмунли ўтказиб келяпти. Унинг кўз нури ва қалб қўри сингган маҳсулотлар нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларга ҳам жуда харидоргир.
Умида айни вақтда олий таълим муассасасининг архитектура ва дизайн йўналиши бўйича таҳсил оляпти. Унинг орзулари осмон қадар. Келгусида соҳасининг етук мутахасиси бўлиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшишни ният қилган.
Сабоҳат МЕЛИКОВА,
Самарқанд шаҳридаги “Дукчиён”
маҳалласи хотин-қизлар фаоли.