ТАРТИБ
Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан янги тартиблар белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб, кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган (М, Н, О, Г тоифага кирувчи ва махсус) транспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Бу бўйича нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартибини белгилайдиган янги Низом ишлаб чиқилди.
Янги тартибга кўра, шартнома тарафлари келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, алоҳида эскроу ҳисобварағини очади. Эътиборли жиҳати, ҳар бир шартнома учун биттадан алоҳида эскроу ҳисобварағи очилади. Бу маблағларнинг аралашиб кетишининг олдини олади ва ҳар бир битимни мустақил назорат қилиш имконини беради.
Шартномани нотариал тасдиқлашдан олдин нотариус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали банкка электрон сўров юборади. Ушбу сўров орқали эскроу ҳисобварағида шартномада кўрсатилган сумма тўлиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқ вақт тартибида текширилади. Агар маблағ етарли бўлмаса ёки ҳисобварақ ёпилган бўлса, нотариус шартномани тасдиқлашни рад этади. Шу тариқа “пул кейин ўтказилади”, деган ноаниқ ҳолатларга чек қўйилади.
Бу, аввало, сотувчи учун кафолат яратади — у пулнинг ҳақиқатда мавжудлигига ишонч ҳосил қилади. Харидор эса маблағ фақат шартнома қонуний кучга киргандан сўнг ўтказилишини билади. Давлат нуқтаи назаридан эса барча ҳисоб-китоблар расмий ва назорат қилинадиган шаклга ўтади.
Албатта, янги тизим дастлаб айрим фуқаролар учун қўшимча тушунтиришларни талаб қилади. Аммо унинг мазмунига эътибор қаратсак, бу ортиқча талаб эмас, балки хавфсизлик ва адолат кафолатидир. Кўчмас мулк ва автотранспорт бозоридаги ҳар бир битим энди шаффоф, ҳужжатлаштирилган ва кафолатланган тарзда амалга оширилади.
Умумий олганда, фармоннинг бош мақсади — нақд пул айланмасини қисқартириш, ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини камайтиришдан иборат.
Шаҳноза ХАЛИЛОВА.