Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Кўзгу
-+=

Суд тизимида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш одил судлов самарадорлигини таъминлайди

Президентимиз Ш.Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлигидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо бериб, бу борадаги келгуси вазифаларни белгилади.

Коррупция мураккаб ижтимоий-иқтисодий-сиёсий ҳодиса бўлиб, жамият тараққиётининг муҳим омиллари бўлмиш тинчлик, осойишталик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларни йўқ қилади, миллий хавфсизликка таҳдид солади, мамлакат ривожига тўсиқ бўлади. Шунинг учун коррупцияга қарши курашишга нисбатан уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш, яъни унинг олдини олишга қаратилган ҳаракатлар вақт ва натижадорлик нуқтаи назаридан анча самарали ҳисобланади. Шундай экан, Давлатимиз раҳбари назарда тутган “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш – бу барча давлат тузилмалари фаолиятида, шу жумладан суд тизимида ҳам коррупцияга қарши қаратилган етарли ташкилий ва ҳуқуқий механизмларни яратиш, мавжудларини эса замон талаблари асосида такомиллаштириш ва унга қатъий риоя қилиш орқали унинг олдини олишни ва унга қарши самарали курашишни англатади.

Коррупция одил судлов сифатига, фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончига ва инсон ҳуқуқларига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатади. Зеро, суднинг асосий вазифаси бу адолатни таъминлаш, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашдир. Шунинг учун, одил судловни амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Коррупциявий хатти-ҳаракатлар асосан манфаатлар тўқнашуви оқибатида содир этилади. Манфаатлар тўқнашувининг мажбурий белгиларига судьянинг муайян вазиятда ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиши, бунинг учун моддий ёки номоддий манфаат олганлиги ёки олиши мумкинлиги ҳамда улар ўртасидаги сабабий боғланиш киради. Шунга кўра, манфаатлар тўқнашувида судьяда нохолис қарор чиқариш ва қонуний ҳаракат қилиш ўртасида танлаш имконияти бўлади. Ушбу имкониятнинг қай бирини танлаш эса судьянинг ахлоқий фазилатларига бевосита боғлиқ бўлади, зеро ахлоқи ва ҳуқуқий маданияти юқори бўлган судьяларнинг қонуний ва беғараз қарор қабул қилиш имконияти юқори бўлади.

Табиийки, шахсий манфаатдорликнинг ўзи ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди, судья уни амалда қўллаши билан ишни кўришда холислик йўқолади ва тегишли жавобгарликнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу боис манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш коррупцион ҳаракатларнинг содир этилишини олдини олувчи ишончли восита ҳисобланади, зеро маънан етук бўлмаган ёки ахлоқи бузуқ судьяларда манфаатлар тўқнашуви жараёнида шахсий манфаатни судьялик қасамёдидан устун қўйиш, ваколатларини суиистеъмол қилиш учун етарли имконият мавжуд бўлади.

Суд фаолиятининг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, судья мазкур талабдан фарқли равишда бундай вазиятларда мустақил ҳаракат қилиши, манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини аниқлаши ҳамда ўзини рад қилиши ёки бу ҳақда суд раисини хабардор қилиши лозим. Процессуал қонунчиликда судья ўзининг ташаббусига ёки тарафларнинг аризасига кўра рад қилиниши мумкин бўлиб, рад қилиш масаласи бир таркибли судларда судьянинг ўзи томонидан ҳал қилиниши субъективлик хусусиятига эга бўлиб, холисликни тўлиқ таъминламайди. Зеро, ишнинг натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган судья тарафнинг рад қилиш тўғрисидаги аризасини ҳар қачон рад қилиш ва ишни мазмунан кўриб чиқиш имкониятига эга бўлади.

Суд тизимида коррупцияга қарши курашиш коррупцияни англаш (аниқлаш), унга чек қўйиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Фикримизча, суд тизимида коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ички ва ташқи турларга бўлинади. Бунда асосий мезон сифатида ушбу омилларни келтириб чиқарувчи субъектлар (шу жумладан уларнинг ваколатлари) ва суд органлари мустақиллигига таъсир кўрсатувчи ҳолатлар (жараёнлар) эътиборга олинади.

Ички коррупциявий омиллар деганда судларни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича суд раислари, судьялар ва судьялар ҳамжамияти органларининг судьялар корпусини шакллантириш, судья ва суд ходимларининг хизмат бўйича ўсишини таъминлаш, уларнинг фаолиятини адолатли ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш, уларни рағбатлантириш ва жавобгарликка тортиш каби масалалардаги суиистеъмолликлари, нохолис ёндашувлари, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, порахўрлик каби ҳуқуққа хилоф хатти-ҳаракатларнинг вужудга келишига замин яратувчи ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа характердаги ҳолатлар тушунилади.

Ташқи коррупциявий омилларга эса давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан одил судловни амалга оширишга аралашиш, унга тўсқинлик қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигига тажовуз қилишга қаратилган қонунга хилоф ҳаракатларни амалга оширишга имконият туғдирувчи ҳолатларни киритиш мумкин.

Демак, суд тизимида коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар деганда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хавф солувчи, судларнинг мустақиллигига салбий таъсир этувчи хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик), ҳолатлар, жараёнлар тушунилади.

Мазкур омилларга қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар, мавжуд нормаларнинг коррупциоген характерга эгалиги, муайян масалаларнинг умуман ёки тўлиқ тартибга солинмаганлиги, мавжуд нормаларнинг реализацияси бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланмаганлиги ёки шарт-шароитлар яратилмаганлиги, муайян коррупциявий ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун жавобгарликнинг белгиланмаганлиги, судьялар ва судьялар ҳамжамияти органларининг мустақиллиги тўлиқ таъминланмаганлиги, ҳалол суд кадрларини танлаш бўйича самарали механизмларнинг мавжуд эмаслиги, судлар фаолиятининг шаффоф эмаслиги, ички ва жамоат назоратининг самарасизлиги кабиларни киритиш мумкин.

Коррупцияга чек қўйиш – мавжуд коррупция омиллари ҳамда коррупциявий ҳуқуқбузарликларни йўқотиш, уларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, такрор содир этилишига йўл қўймаслик ҳамда салбий оқибатлари билан курашишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар мажмуидир.

Суд тизимида коррупцияга чек қўйиш чора-тадбирлари таркибига қуйидагиларни киритиш мумкин: суд тизимида коррупцияга қарши курашувчи махсус ваколатли орган фаолиятини йўлга қўйиш, тизимли ички назоратни амалга ошириш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш, қонунчиликдаги коррупциоген нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш, бундай нормаларни судлар томонидан қўллаш бўйича доимий равишда таҳлиллар ўтказиш, жиноят ҳақида хабар берган судьяни ҳимоя қилиш, коррупциявий ҳолатлар ҳақида судья ва суд ходимларининг мажбурий тартибда хабар беришини белгилаш, судьяларнинг фаолиятини баҳолаш (бунда уларнинг рейтинг кўрсаткичлари билан бир қаторда ҳамкасблари ва жамоатчилик фикрини ҳам ўрганиш), судьяларга нисбатан хусусий ажрим чиқариш (судья томонидан қонун нормаларининг асоссиз қўлланилган ёки қўлланилмаганлигини муҳокама қилиб бориш), судьялар томонидан юқори инстанция судининг қарорига нисбатан тақдимнома киритиш, суд ишларини тизимли умумлаштириб бориш ва натижаси бўйича суд қарорларини қонунга мувофиқлаштириш чораларини кўриш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш жараёнига кенг жамоатчиликни жалб қилиш, ижтимоий ва махсус сўровлар ўтказиш.

Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда молиявий ҳисобдорлик муҳим роль ўйнайди.

БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг 8-моддасида ҳар бир иштирокчи-давлат оммавий мансабдор шахсларнинг тегишли органларга хизматдан ташқари фаолияти, машғулотлари, инвестициялари, активлари ва вазифалари билан боғлиқ манфаатлар тўқнашуви келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа даромадлари ва ҳадялар ҳақида декларация тақдим этишлари шартлигини белгиловчи тартибни жорий қилиши белгиланган.

Нидерландия, Хитой, Сингапур каби давлатлар тажрибасини эътиборга олган ҳолда судьялар томонидан ўзи, турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг мол-мулки ва мулкий мажбуриятлари ҳақида декларация тўлдириш ва уни махсус ваколатли органларга ҳар йили тақдим этиб бориш амалиётини йўлга қўйиш, судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш, судьяни навбатдаги муддатга ёки раҳбарлик лавозимига тавсия қилишда унинг мулкий аҳволини тақдим этган декларациялари асосида текшириб, таҳлил қилиш таклиф этилади.

Судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш суд тизимида коррупцияга қарши самарали курашиш ҳамда уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилишда муҳим роль ўйнайди. Бунда одил судловни амалга ошириш, судьялар корпусини шакллантириш, судлар фаолиятини ташкил қилиш ва бошқариш, судларни молиялаштириш, судьялар фаолиятини баҳолаш, уларни бошқа судьялик ёки раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш, уларни юридик жавобгарликка тортиш, рағбатлантириш ва бошқа масалаларни ҳал қилиш фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали шаффофликка эришиш имкониятларидан фойдаланиш талаб этилади.

Суд тизимида коррупцияга қарши курашиш аксарият ҳолларда судьялар ва суд ходимларининг маънавий қиёфаси, яъни таълими, тарбияси, ҳалоллиги, виждонлилигига боғлиқ. Шунга кўра, ушбу тизимга мазкур талабларга жавоб берадиган ҳалол ва пок кадрларни тайинлаш судьялар ҳамжамияти органларининг зиммасидаги биринчи навбатдаги вазифа ҳисобланади. Шу боис, судьяликка номзодларнинг ушбу талабларга жавоб беришини аниқловчи аниқ механизмлар қонунчиликда назарда тутилган бўлиши зарур. Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда, Германияда номзодлар психологик ва психоэмоционал тайёргарликдан ўтиши, Португалия, Бельгия, Австрия, Нидерландия, Венгрия, Руминия, Сингапурда психологик имтиҳондан ўтишлари талаб этилади. Имтиҳон натижалари аксарият давлатларда мажбурий характерга эга бўлиб, ундан муваффақиятли ўта олмаган номзод судья бўлиши мумкин эмас. Молдова ва Қозоғистон республикаларида эса психологик тестдан ташқари номзодлар полиграфологик текширувдан ҳам ўтказилиши мумкин бўлиб, унинг натижалари тавсиявий характерга эга бўлади. Қирғизистон Республикасида эса судьяликка номзод қонунда белгиланган ҳужжатлар билан бирга қўшимча равишда полиграфологик текширув натижаларини ҳам тақдим этиши мумкин бўлиб, у Судьялар кенгаши томонидан баҳоланади.

Психологик текшириш номзоднинг коррупцияга мойиллиги, тушкунликка чидамлилиги, зиддиятсизлиги, одамлар билан ишлай олиш қобилияти, бирор-бир тобелик ёки яширин руҳий ҳолатининг мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотга эга бўлиш имконини беради.

Ҳожи-Мурод Исоқов

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори, юридик фанлар номзоди, доцент

 

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

“Маҳаллада муаммо йўқ, фақат…”

ҲАР БИР ТАДБИРКОРДА 4 ТАДАН 30 ТАГАЧА “ФУРА”ЛАР БЎЛИБ, УЛАР БУРТМАЛАР АСОСИДА МАҲАЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ЙЎНАЛИШЛАР БЎЙИЧА ҚАТНАМОҚДА.