Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Кундалик
-+=

Мурувват кўрсатишни яқинингиздан бошланг!

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг нутқларини тинглаган кишининг қалби ларзага келди. Қуръон ва ҳадисга асосланган қисқа, бироқ кенг қамровли биргина шу нутқ кишиларни жамият ҳаётига теранроқ назар солишга ундади, десак хато бўлмайди.

Ҳар бир мўмин киши бу дунё ҳаётида кўпроқ савоб қозонишни истайди. Бунга силаи раҳм — ота-онага ва яқинларга меҳр-оқибат кўрсатиш орқали эришилса, одиллик билан иш юритиш, закотни, хайру эҳсонларни ўз эгаларига етказиш билан ҳам савобга эришиш мумкинлиги шариат ҳукмларида аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган.

Шукрки, жамиятимизда хайрли-савобли ишларга одамларнинг эътибори кучайган. Давлат даражасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Аслида, бунгача ҳам давлат эҳтиёжманд оилаларга, ногиронлиги бор ва муҳтож шахсларга кўмак бериб келаётган эди. Бироқ у турли усуллар, турли ташкилотлар кўмагида амалга ошириларди. Ана шу тарқоқ ҳолдаги инсонпарварлик ишлари ягона тизимга бирлаштирилди. Бу орқали мамлакатимиз бўйлаб барча эҳтиёжмандларнинг рўйхати шакллантирилди ва уларга йил давомида керакли кўмак берилиши таъминланди.

Аслида, Ислом динида муҳтожларга ёрдам бериш, жисмоний имконияти чекланган инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, мискин ва бечоралар ҳолидан хабар олиш энг савобли амаллардан ҳисобланади. Муборак динимиз хайр-саховатга буюрар экан, уни ўз ўрнига сарфлашга амр этади. Муҳтож инсонлар ҳаққига хиёнат қилиш эса оғир гуноҳ саналади.

Яхшилик қилишни энг яқин муҳтожлардан бошлаш зарур. Яқин қариндошлар орасида эҳтиёжмандлари бўла туриб, фақат ўзига тўқларга хўжакўрсин учун қилинаётган ишлар силаи раҳм эмас, исрофгарчиликнинг худди ўзи. Аллоҳ таоло мол-давлат берилган бандаларига закотни лозим қилиб, уни муайян тоифадаги ҳақли кишиларга беришни тайин қилди. Демак, улар мол-мулкларида фақир-муҳтожларнинг ҳаққи борлигини унутмасин ва қўрқмасинки, закот беришлик молни камайтирмайди.

Эҳсон қилувчилар ҳақларига савоб-барокат келтириши, икки дунё саодатига эришиши ўзларининг инсоф-диёнатига боғлиқ. Хайр-эҳсоннинг ўз эгаларига тўғри етиб боришини таъминлаш эса омонатдир. Бунинг учун сизу бизда катта имкониятлар мавжуд. Муфтий ҳазрати эътироф этганидек, “Инсоф агентлиги”, яъни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали бу муборак хайрли ишларни амалга ошириш йўлида ҳамжиҳат бўлсак, ота-оналаримиз, яқинларимиз қаторида ижтимоий ҳаётдаги эҳтиёжмандларнинг кўнглини шодлантириб, дуоларини олсак, юртимиз янада равнақ топиб бораверади.

Ижтимоий ҳимоя бўйича давлатимиз раҳбарининг ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Муфтий ҳазратлари раҳбарлигида динимиз пешволари халқимизга мурожаат қилди. Унда, хусусан, ҳар бир марказий масжид бештадан эҳтиёжманд оилани оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашиши таъкидланади. Ҳар бир туман-шаҳар бош имом-хатиби ҳудудидаги камида битта мактабни ҳомийлар иштирокида таъмирлашга ёрдам кўрсатади.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда кам таъминланган оилалар фарзандларининг 200 нафарини касбга ўргатади ва иш билан банд қилади, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан биргаликда жисмоний имконияти чекланган болаларга 50 дона спорт аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари олиб беради. “Меҳрибонлик”, “Саховат”, “Мурувват” уйларига ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатилади.

Энг муҳими, имом-хатиблар тўй-маърака, маросимлардаги исрофгарчилик, Умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга оширади. Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш – катта гуноҳ экани одамларга уқтирилади. Зотан, топганларимизни савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам берсак, ана шунда улкан савобга эга бўламиз.

Азимжон КАРИМОВ,

Тошкент туманидаги

“Эшонхўжа ота” жоме масжиди имом-хатиби.

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

“Аҳоли иссиқлик манбаи билан таъминланди”

Бундан ташқари, йиғинда кўплаб бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, асосий кўчалар асфальтланиб, пиёдалар йўлаклари қурилди.