ҲАР БИР МАҲАЛЛАДА ЖАМОАТЧИЛИК ГУРУҲЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛИБ, УЛАРГА МАҲАЛЛАДАН САЙЛАНГАН ТУМАН КЕНГАШИ ДЕПУТАТИ, МАҲАЛЛА РАИСИ ВА ФАОЛ ФУҚАРОЛАР КИРИТИЛАДИ. БИР МАРТАЛИК ТЎЛОВ МАБЛАҒЛАРИНИНГ МАЪЛУМ ҚИСМИ ЎША МАҲАЛЛАНИНГ ЎЗИГА САРФЛАНАДИ
Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу кўпчилик аҳоли кутаётган, миллионлаб оилалар ҳаётига дахлдор масала эди. Дастлабки ўрганишларга кўра, ҳозирда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган 3 миллион 600 мингдан ортиқ ер участкалари мавжуд.
Қонун 6 та боб ва 35 та моддадан иборат бўлиб, унда қуйидаги ер ва мулкларга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилмоқда:
1) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
2) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
3) “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
4) 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокими қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига;
5) боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
6) кичик саноат зоналарига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига;
7) давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига;
8) ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига.
Қонунда ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари аниқ белгиланган. Масалан, ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши, ер бўйича низо бўлмаслиги, бош режа талабларига зид эмаслиги ва бошқа омиллар ҳисобга олинади. Ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотлар ва ҳужжатларни келишиш Кадастр агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади. Уларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги текшириб чиқилади. Натижалари маҳалла бурчаклари, Кадастр агентлигининг сайти орқали жамоатчиликка эълон қилинади. Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга SMS-хабарнома юборилади. У асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади (ерга — ижара ҳуқуқи, бино-иншоотга — мулк ҳуқуқи).
Қонунда жамоатчилик назоратига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни халқ депутатлари туман Кенгашлари қарори билан ҳар бир маҳаллада жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Бу гуруҳларга маҳалла жойлашган округдан сайланган туман кенгаши депутати, маҳалла раиси ва фаол фуқаролар киритилади.
Ҳуқуқларни эътироф этиш учун бир марталик тўлов олинади. Бу тўлов Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1,7 миллион сўм), Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 3 баравари (1,02 миллион сўм), шаҳарларда 2 баравари (680 минг сўм) ва бошқа аҳоли пунктларида 1 баравари(340 минг сўм)ни ташкил этади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ва ногиронлиги бўлган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади. Мазкур тўловларнинг бир қисми “Ташаббусли бюджет” тадбирларига йўналтирилади, яъни ўша маҳаллаларнинг ўзига сарфланади.
Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикасида бу борадаги ишлар аллақачон бошланган. Президентнинг 2023 йил 28 июлдаги тегишли фармони билан фақат ушбу ҳудуддаги ҳужжатсиз уй-жойлар ва улар жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қарори билан эътироф этишга рухсат берилган эди. Шундан сўнг, ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган 43 432 та уй-жой бирма-бир ўрганиб чиқилди. Якунда ижобий хулосага келинган 27 590 та уй-жойга мулк ҳуқуқи, улар жойлашган ер участкаларига ижара ҳуқуқи эътироф этилди.
Қонун 3 ойдан кейин кучга киради, унга қадар жойларда тарғибот, тушунтириш ва тайёргарлик ишлари амалга оширилади. Қонун 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.
***
Сирасини айтганда, агар 3 миллион 600 мингдан ортиқ ер участкасининг ҳар бири ўртача 3-4 нафардан фуқаро ва тадбиркорларга дахлдор бўлса, бу қонун 10 миллиондан зиёд аҳолининг муаммосини ҳал қилиб, келгуси ҳаётига қонуний замин яратади. Ушбу халқпарвар сиёсат натижасида одамларда ўз уй-жойини қонуний расмийлаштириб олиш, бошқа шахсга сотиш, оила аъзоларини доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи пайдо бўлди. Мулкдорлар энди бу уйини таъмирлаш ёки қўшимча қурилиш қилиш учун имтиёзли кредитлар олиши, уй-жой жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган ҳолларда, қонунга мувофиқ, компенсация талаб қилиши мумкин бўлди.