Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг олти ойлик фаолиятига бағишланган сарҳисоб йиғилишида ҳозирда мавжуд 9 452 та маҳалладан 157 тасида фуқаролар йиғини раиси лавозими вакант қолаётгани айтиб ўтилди. Хўш, бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси сайлови қандай ташкил этилади?
“Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига асосан, фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, тегишли фуқаролар йиғинларида янги сайлов ўтказилади. Бу жараён амалдаги сайлов тартибида амалга оширилади.
Энг аввало, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан Ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайловини ўтказади ва уларни аниқлаштиради. Фуқаролар йиғини раиси лавозимига тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда номзодлар кўрсатилади.
Номзодларга доир ҳужжатлар туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этилади. Ишчи гуруҳ ҳоким хулосасини олганидан кейин номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин маҳалла биносига ва гузарларга осиб қўяди.
Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) Ишчи гуруҳ раҳбари раислигида ўтказилади. Номзодлар эълон қилиниб, ҳар бирига сўз берилади. Номзодлар ўзининг келгуси фаолияти дастурини эълон қилади. Шундан сўнг, йиғин раисини сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Фуқаролар вакилларига сайлов бюллетени берилади, у яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдирилади. Тўлдирилган бюллетен сайлов қутисига ташланади.
Овозларни саноқ комиссияси фуқаролар йиғини раиси лавозимига ҳар бир номзод бўйича санаб чиқади. Тегишли баённома тузилиб, натижалар эълон қилинади. Унга кўра, овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланган, деб ҳисобланади.