2022 йилдан ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб келаман. Маҳалламизда 1 та саноат ишлаб-чиқариш корхонаси, 11 та кичик бизнес субъекти ва 12 та хизмат кўрсатиш объекти, 6 та озиқ-овқат савдо дўкони мавжуд. Аҳоли сони 3 050 нафар. Маҳалла “драйвери” — деҳқончилик. Бундан ташқари, 60 та хонадон иссиқхонада кўчатчилик билан шуғулланади.
Ҳудуддаги оилаларнинг ижтимоий аҳволи, томорқадан фойдаланиш даражаси, тадбиркорлик билан шуғулланишга иштиёқини аниқлаб олишда уйма-уй ўтказилаётган “хонадонбай” хатлов яхши самара бермоқда. Жорий йил бошида ўтказган хатловда эҳтиёжмандлар аниқланиб, уларнинг даромадини ошириш бўйича манзилли “йўл харитаси” ишлаб чиқдим. Ҳар бирига алоҳида ҳужжат юритиб, олдимга ойлик даромадини ошириш вазифасини қўйдим.
Бандликни таъминлашда хонадондаги меҳнатга лаёқатли фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шундан сўнг уларга даромад топиши учун асбоб-ускуна ажратиш яхши натижа бермоқда. 7 нафар “Аёллар дафтари” ва” Ёшлар дафтари”га кирган фуқарога шу тарзда тикув машинаси, электр печ, компьютер ажратилди. Улар бугун ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритмоқда.
Маҳалладаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашда томорқадан самарали фойдаланяпмиз. Сир эмас, Олтиариқда миришкор деҳқонлар кўп. Тупроғи унумдор, ҳудуд одамлари нафақат узумчилик, балки кўчатчиликда ҳам ўзига ҳос мактаб ярата олган. Янги иш ўринлари яратиш, ўзини ўзи банд қилишда мана шу омиллардан фойдаланяпмиз. Талабгорларга ажратилган имтиёзли кредит эвазига ўзини ўзи банд қилганлар сафи ортиб бормоқда.
Улардан бири 15 сотихли томорқада 8 та доимий иш ўрни яратган Беҳзод Мамадалиев. Унга 100 миллион сўм имтиёзли кредит олишда кўмаклашдик. Асли деҳқон фарзанди бўлгани учун ишни ташкил этиш қийин кечмади. Бугун томорқада икки нафар ўғли билан ота касбини давом эттирмоқда.
Бехзод аканинг кўчатлари нафақат Фарғонада, балки бутун республикада харидоргир. Хонадоннинг 3 та иссиқхонаси бор. Унда қалампир кўчатлари етиштирилиб, асосан, янги навлар яратиш, харидорлар истагига мос кўчатларни парваришлашга эътибор қаратилган. Хонадондаги иссиқхоналар бир зум бўш қолмайди. Кўчатлар йиғиштириб олингач, навбатдаги мавсум учун яна кўчат экилаверади.
Бугун Беҳзод Мамадалиев ер билан чинакам тиллаша оладиган миришкорга айланди. Шу боис экинларни қайси вақтда, қандай парвариш қилиш кераклигини билади. 2013 йилда томорқасининг 11 сотихида иссиқхона қургач, 4 сотих ери бўш қолганди. Унга узум экди. Олтиариқда узум экилмаган хонадон топа олмайсиз. Тагига чиринди ва чувалчанг ташлаб, биогумус тайёрлашга киришди. Бу ҳам миркишкор деҳқонни қониқтирмай, узумни тагидаги биогумуслар устига рўзғор учун сабзавот экиб, парваришлади. Ҳосилдорлик янада ошди. Чунки табиий озуқа экинларнинг ҳосилдорлигини оширди.
Гувоҳ бўлганингиздек, унча катта бўлмаган томорқада бугун ҳамма нарса бор. Оила бозордан бирор маҳсулот сотиб олмайди. Ҳар йили 200 млн. сўмдан ортиқ даромад топмоқда. Муҳими, йил давомида барака узилмайди.
2024 йилда ҳам маҳаллада бу каби ишларни давом эттиришни режа қилганмиз. Хатловда аниқланган 88 нафар ишсизларни доимий ишга жойлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ҳаракатидамиз. Бундан ташқари, 1-тоифа(даромади камбағаллик чегарасидан кам бўлган оилалар)га киритилган 132 та оилани камбағалликдан чиқариш бўйича тузилган “Индивидуал дастур”лар ижросини таъминлашни кўзлаганман. 10 та ташаббускорлар лойиҳасини амалга оширишда зарур молиявий маблағлар жалб этишни мақсад қилганман. Бугунгача Бизнесни ривожлантириш банкидан 3 нафар фуқарога 100 миллион сўмдан кредит олишга эришдик.
Ўрни келганда ишимизни янада самарали қиладиган таклиф билдирмоқчиман. Маҳалламизнинг 80 фоиз аҳолиси, кўпроқ ёшлар, экспорт қилувчи корхоналарга қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари (мева-сабзавот) етказиб беради. Шуни инобатга олиб, маҳсулотларни бир ерга жамлаб, экспорт билан шуғулланувчи кооперация ташкил этиш керак, деган фикрдаман. Мутасаддилар таклифимизга эътибор қаратишса, яна қўшимча иш ўринлари яратиларди.
Ҳакимжон ШОМАТОВ,
Олтиариқ туманидаги “Юксалиш” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси.