Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъулларидан иборат Ишчи гуруҳлари Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах вилоятлари маҳаллаларида (жами 60 та туман/шаҳар, 2 987 та маҳаллада) алоҳида иш ташкил этмоқда. Бунда ҳудудларга чиққан ҳолда, аҳоли муаммолари, сектор раҳбарлари ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлиги ўрганилиб, ташкилий-услубий ёрдам берилмоқда.
Шу кунга қадар Ишчи гуруҳлари 660 мингга яқин хонадон, 15,3 мингта ижтимоий соҳа объектини манзилли ўрганди. 12 414 та муаммоли масаланинг 6 905 таси (55,6 фоиз) ҳудуддаги масъуллар билан бирга жойида ҳал этилди. Хусусан, 322 километр ички йўллар шағаллаштирилди, 272 та трансформатор таъмирланди, 2 137 та электр таянч устунлари ўрнатилди, 3 704 та хонадон ичимлик сув тармоғига уланди, 47 717 та хонадонга суюлтирилган газ баллони берилди. Қолаверса, 7 746 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 5 984 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди. “Ёшлар дафтари”даги 55 771 нафар ёшга 24,5 минг гектар ер майдони ажратилди.
Бундан ташқари, Президентнинг Андижон, Хоразм, Наманган ва Жиззах вилоятларига ташрифи давомида Ишчи гуруҳларга бириктирилган 13 та туман(шаҳар)даги жами 654 та маҳаллада аҳоли муаммолари ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, Избоскан, Марҳамат, Олтинкўл ва Пахтаобод туманларида 952 та муаммоли масаланинг 758 таси (79,6 фоиз), Гурлан, Қўшкўпир, Хива туманларида 1 579 та муаммоли масаланинг 518 таси (32,1 фоиз), Чуст, Поп, Мингбулоқ туманларида 902 та муаммоли масаланинг 650 таси (72,1 фоиз), Фориш, Бахмал, Ғаллаорол туманларида 671 та муаммоли масаланинг 636 таси (94,7 фоиз) жойида ҳал этилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигида Ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Шаҳрисабз шаҳри, Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши, Яккабоғ, Чироқчи ва Ғузор туманларидаги маҳаллаларда “еттилик” фаолияти таҳлил этилиб, ҳар бир масъулнинг функционал вазифалари яна бир бор тушунтирилди, уларга яратилган имкониятларни кўздан кечирилди. Ўрганишларда ҳар бир маҳалла аҳолисининг мурожаати, уларнинг муаммолари ечимсиз қолмаслигини алоҳида назоратга олиш “маҳалла еттилиги”нинг асосий вазифаси экани, уларнинг ечими, ҳал этилиши бўйича жавобгарлик уларнинг зиммасидалиги тушунтирилди.
Мисол учун, Ғузор туманида ташкил этилган учрашувда миграциядан қайтган ёшлар ва маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан мулоқот ўтказилди, бандликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Мулоқот давомида ёшларни чет тилларига ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш ҳамда бандлигини таъминлаш учун ер майдонлари ажратиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, ишчи гуруҳ аъзолари Президентнинг тегишли қарори ижроси доирасида ишсиз ёшларга ажратилаётган ер майдонларида бўлишди, ёшлар билан суҳбатлашилди. Аҳоли хонадонларига бориб, “Сайхунобод тажрибаси” асосида томорқа маданияти, ундан самарали фойдаланиш ҳамда қўшимча даромад манбаи яратиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Мисол учун, Миришкор туманидаги “Миришкор” маҳалласида ташкил этилган иссиқхоналарда деҳқончилик қилаётган водийлик тадбиркорлар тажрибаси ўрганилди. 1 гектарлик иссиқхонада Омадилло Асқаров 15 минг тўп “мираcле” ва “фантино” навли бодринг ҳамда 15 минг тўп “адриатка” навли помидор етиштирмоқда. Тадбиркор 150 тонна ҳосил олиб, 1 млрд. сўмдан ортиқ даромад кўришни мақсад қилган. Тузилган шартнома асосида маҳсулотлар Россияга экспорт қилинади.
***
Президентнинг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Самарқанд вилоятида ўрганишлар олиб борилмоқда.
“Хорижга иш — маҳалладан” тамойили асосида Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ташқи миграция агентлиги ва Ёшлар ишлари агентлигининг масъул вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ дастлаб ўқув-семинари ташкил этди. Унда чет элга ишлаш учун кетган ва кетадиган ёшлар учун керакли йўналишларда кўрсатмалар бериш, уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари кўрсатиб ўтилди. Бундай семинарларни туман ва шаҳар, маҳаллалар кесимида ўтказиш белгиланди.
Ўрганишлар давомида Ишчи гуруҳи Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманларида бўлиб, сектор раҳбарлари ва соҳа мутасаддилари билан Президент қарори ижросини таъминлашда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида суҳбатлашди. Мулоқотлар давомида миграциядан қайтган ёшларни туман ва шаҳарнинг ички имкониятлари ҳамда “драйвер”идан фойдаланиб, ишга жойлаштириш тартиби кўрсатиб ўтилди. Россия Федерациясида оғир шароитларда яшаб меҳнат қилган, боқувчисини йўқотган 3 нафар аёл — Нилуфар Нормуродова 5 нафар, Зулҳумор Аминова 4 нафар ҳамда Венера Жумаева 1 нафар фарзанди билан Ватанга қайтарилиб, уй-жой билан таъминлангани намуна қилиб кўрсатилди.
Ўрганиш ишлари давом этади.