ЭЪТИРОФ
“Ажралишлар сони нега ортиб боряпти?”
Маҳаллада ёшлар етакчиси сифатида 2022 йилдан буён ишлаб келаман. Фаолиятимда тенгдошларимнинг муаммосини ҳал этиш, ташаббусларига қанот бўлишни шиор қилиб олганман. Айниқса, ёшларни мусиқа, рассомлик, спорт, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириб боряпмиз. Бу борада “Беш ташаббус олимпиадаси” қулай имконият яратмоқда. Маҳалладан республика босқичигача жараёнда ҳаваскорликдан профессионалликка қадам босяпмиз. Янги иқтидорлар, янги номлар кашф қиляпмиз.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қизил тоифадаги ёшлар билан ишлашда имкон қадар индивидуал ёндашяпман. Ҳар бир ёшни маҳаллий раҳбарларга бириктириш орқали муаммосини ҳал этишга эришяпман. Бирорта ёш муаммоси эътибордан четда эмас. Масалан, Озода Жангабекова мактабни битириб, Тошкент давлат педагогика университетига тўлов-контракт асосида ўқишга кирганди. Бироқ шартномани тўлашга имконияти етмади. Онаси 2-гуруҳ ногирони, отаси ўткир камқонлик сабаб вафот этган. Унга “Ёшлар дафтари” жамғармасидан олий таълим муассасаси шартномасига 3,5 млн. сўм маблағ ажратдик. Бунга жавобан Озода “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида спортнинг шашка тури бўйича 1-ўринни эгаллади. Натижада маҳаллага универсал спорт майдончаси қуриш учун ваучер ютиб олди. Бугунги кунда 13-мактабда кимё фанидан дарс бериш билан бирга тумандаги спорт мактабида мураббийлик фаолиятини олиб бормоқда. Бундан ташқари, “Қизлар овози” клубининг Тошкент вилояти бўйича координатори.
Зоҳиджон Дадабоев болалигидан ногирон. Гарчи гапира, эшита олмаса-да, қалби очиқ, тиришқоқ йигит. 2021 йилда Россия давлатига ишлагани кетганди. Уни ватанга қайтиб, шу ерда ишлаши мумкинлигини тушунтирдим, ёрдам беришимни айтдим. 2022 йилда миграциядан қайтгач, томорқачилик йўналишида бизнес режа туздик. Дастлаб “Ёшлар дафтари” жамғармасидан уруғлик олиб бердик. Қадалган уруғлар ҳосил берди. Яхшигина даромад топди. Орада мономарказда ошпазлик йўналишида касбга ўқитдик. Тезда ошпазликнинг сир-асрорини ўрганиб олган тенгдошимиз “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг вилоят босқичида “Касблар танлови” йўналишида 3-ўринни қўлга киритди.
Фаолиятимда ёшлар ўртасида оилавий ажралишлар кўпайганига гувоҳ бўляпман. Шу муаммони ҳал этиш мақсадида “Маҳалла ва оила” мактаби ташкил этиш таклифини ишлаб чиқдим ва масъулларга тақдим этдим. Унга кўра, ёшларга оила муқаддаслиги, эр-хотин муносабатлари, миллий қадриятлар ва урф-одатларни ўргатувчи дарслар жорий этилади. Бу билан ажралишлар олди олинади. Ёш оилаларга никоҳнинг муқаддаслиги ва қонун билан ҳимоялангани тушунтирилади.
Ҳар бир инсон меҳнатлари муносиб қадрланишини истайди. Бу борада омадим келган. 2022 йилда “Фидойи ёшлар етакчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида 2-ўринни олган бўлсам, шу йили “Йилнинг энг намунали ёшлар етакчиси” танловининг республика босқичида “Алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар билан самарали ишлаган ёшлар етакчиси”, деб топилдим.
Жорий йилги Маҳалла тизими ходимлари куни ҳаётимда яна бир ўчмас из қолдирди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан, “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирландим. Ушбу мукофот менга қанча куч-қувват берган бўлса, ўз навбатида, елкамга катта масъулият ҳам юклайди.
Сарварбек МИРЗАЕВ,
Чиноз туманидаги “Бирлик” маҳалласи ёшлар етакчиси.