Аёлнинг билимли ва зукко бўлиши оилада соғлом муҳит шаклланиши ва фарзандлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Лекин орамизда айрим сабабларга кўра ўқишга имкон топа олмаган, шароит тақазоси билан орзулари армонга айланган хотин-қизлар талайгина. Энди уларнинг қизиқишлари ва интилишларини муносиб рағбатлантириш мақсадида уйда ўтирган ҳолда ўқиши ва ишлаши учун “Қизлар академияси” платформа ишга туширилмоқда. Унда тадбиркорлик, маркетинг, психология каби замонавий касбларни мобиль илова орқали ўрганиш имконияти мавжуд.
Бундан кўзланган асосий мақсад ёш хотин-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом фикр берадиган манбаларни кўпайтиришдан иборат. Қолаверса, мамлакатимиздаги ёш тадқиқотчилар, олимлар, ижодкорлар ва экологларларни бирлаштириш, улар ўртасида эркин мулоқот майдонини яратиш ҳам назарда тутилган. Шу орқали ижтимоий муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш ва уларга ечим топиш имкони туғилади.
2024 йилда лойиҳа тўлиқ ишга туширилади. Унга 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётганлар, эшитишда нуқсони бўлганлар, уй бекалари, бола парвариши давридаги хотин-қизларни қамраб олиш режалаштирилган.
“Қизлар академияси” лойиҳаси 7 та модулни ўз ичига олади.
Ҳуқуқий модул — ёш хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилувчи, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Психологик модул — аёлларнинг психологик баркамоллигини таъминлаш, ёш даврларига хос психологик инқироздан чиқишда индивидуал ёндашувни тадбиқ этиш, ижтимоий муҳитдаги мавжуд муаммоларга адекват ечим беришда психологик билимларни ривожлантиришни ўз ичига олади.
Репродуктив саломатлик модули — соғлом турмуш тарзини шакллантириш, репродуктив саломатликни таъминлаш, эндокринологик, гинекологик касалликларни олдини олиш, зарарли иллатларга қарши курашиш, оналикка тайёрлаш мақсадида ёш хотин-қизлар комплекс саломатлигини мустаҳкамлаш ва ёш оналар тиббий саломатлигини таъминлаш йўналишларини қамраб олади.
Тадбиркорлик ва ҳунармандчилик модули — молиявий саводхонликни ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, ёш хотин-қизлар ҳунармандчилик фаолиятини такомиллаштириш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бирламчи билимлар, онлайн тижорат соҳаси ҳамда ҳунармандчилик йўналишларини ўз ичига олади.
IT ва медиа модули — ёш хотин-қизларнинг медиа саводхонлигини ошириш, медиамаҳсулотлар тайёрлашда зарурий ҳисобланган дастурлаш тилларини ўргатиш, мобилография, график дизайн, видеомонтаж кўникмаларни шакллантиришдан иборат.
Лойиҳа бошқаруви модули — ёш аёлларга вазифаларни режалаштириш, вақтни тўғри сарфлаш, танқидий фикрлашини ошириш, мулоқот маданиятини шакллантириш, жамоа аъзоларини тўғри танлаш ва уни назорат қилишни ўргатади.
Таълим модули — ёш хотин-қизларни тадқиқотчилик фаолиятига жалб қилиш, илмий иш юзасидан адабиётлар рўйхатини шакллантириш, хорижий конференциялар билан танишиб бориш, маҳаллий ва халқаро илмий нашрларнинг мутолаа маданиятини шакллантириш, интернет тармоғидаги илмий платформалар билан тўғри ишлаш кўникмаларини ривожлантиради.
2024 йил давомида 500 га яқин дарслик “You tube” платформасига жойланади. Ҳар бир модул курси охирида иштирокчиларга сертификат берилади ва фаол бўлган хотин-қизларни рағбатлантириш мақсадида турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил қилинади.
Ҳозирги кунда лойиҳа ҳамда унинг бренди ва логотипи ишлаб чиқилди. Ҳар бир модулларга таълуқли маърузачи ўқитувчилар рўйхати шакиллантирилмоқда ва дастлабки видеодарслар тасвири олинди.
Лойиҳани оммага таништириқ мақсадида республикамиздаги 9 444 та маҳаллалардаги ёшлар етакчилари орқали маҳалла, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва лицейлар ҳамда ОТМларда тарғиботлар ўтказилади. Шунингдек, “Қизлар академияси”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари яратилади.
Севара ПОЛВОНОВА,
Ёшлар ишлари агентлиги бош мутахассиси