МЕНДА САВОЛ БОР…
— Бир неча ҳафтадан сўнг хизмат сафарига кетаман. Сафардалигимда ойлик маошимни оила аъзоларимдан бири олиб туриши учун ишончнома қолдирмоқчиман. Эшитишимча, ушбу ҳужжатни маҳалла раиси ҳам тасдиқлаши мумкин экан. Шу ростми?
Фаррух АЛИЕВ,
Чилонзор туманидаги
“Гавҳар” маҳалласидан.
— “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси хат-хабарларни, шу жумладан, пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек, банклардан суммаларни олишга ишончномаларни белгиланган тартибда тасдиқлаши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, маҳалла раиси тасдиқлайдиган ишончномаларга фуқаролар йиғинларининг номлари қайд этилган муҳр босилади. Ишончномалар давлат тилида расмийлаштирилади.
Ишончномаларни тасдиқлаш фуқаролар йиғини жойлашган бинода амалга оширилади. Мурожаатчи касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра, маҳаллага бора олмайдиган ҳолларда ишончномалар уларнинг уйида тўлдирилиши мумкин. Ҳар бир ишончнома алоҳида тартиб рақам билан рўйхатга олинади. Ишончноманинг матни аниқ ва равшан, мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар кўрсатилган бўлиши шарт.
Маҳалла раиси ўз номига ва ўз номидан, хотини (эри) номига ҳамда унинг номидан, хотинининг (эрининг) ва ўзининг қариндош-уруғлари, улар билан васийлик ва ҳомийлик туфайли боғланган шахслар номига ҳамда уларнинг номидан ишончномаларни тасдиқлашга ҳақли эмас. Бундай ҳолларда ишончномаларни исталган бошқа маҳалла раиси тасдиқлайди. Раис ишончномани тасдиқлаш учун ўз иш жойидан ташқарига чиққанида, унинг транспорт харажатлари қопланади.
Ишончнома кўпи билан 3 йил муддатга берилиши мумкин. Унда муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб 1 йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди. Фуқаролар йиғинининг раиси ишончномаларни тасдиқлаганлиги учун тўлов ундирмайди.
Фаррух ЖЎРАЕВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими