— Маҳалла фаолиятидаги бош вазифалардан бири аҳоли бандлигини таъминлаш ҳисобланади. Хатловда рўйхатга олинган ишсизларни тумандаги корхона ва ташкилотларга ишга жойлашиш учун йўналтириб борамиз. Гоҳида ишсиз фуқароларни ана шу корхона ёки ташкилот ишга қабул қилиш рад этади. Қонунчиликда ишга қабул қилишни қандай ҳолларда рад этилади?
Абдуғаффор СИДДИҚОВ,
Янги Наманган туманидаги
“Ёшлик” маҳалласи раиси.
Лазиз ҚАРШИЕВ,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бошқарма бошлиғи:
— Меҳнат кодексининг 119-моддасига асосан, ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишга йўл қўйилмайди.
Қуйидагилар ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш хисобланади:
меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузиш;
иш берувчи томонидан ишга таклиф этилган шахсларни ишга қабул қилмаслик;
иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномасини тузиши шарт бўлган шахсларни (иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига ишга юборилган шахсларни, иш берувчи алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилган шахсларни, улар қайта ишга қабул қилинган тақдирда ва бошқаларни) ишга қабул қилмаслик;
ҳомиладорлик ёки фарзандлар борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилмаслик;
судланганлиги, шу жумладан тугалланган ва олиб ташланган судланганлиги сабабли шахсларни ишга қабул қилмаслик, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно, ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги, шу жумладан тугалланган судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик;
Ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш берувчи ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган ишга қабул қилишни рад этиш сабабларининг ёзма асосини ишга қабул қилиниши рад этилган шахснинг талабига кўра уч кунлик муддатда тақдим этиши шарт. Яъни, ишга кириш учун ариза берилса, уни рад этилганлиги юзасидан иш берувчи қонуний асослантирилган жавоб хати бериши керак.