— Аввалги тартиб бўйича айрим тоифадаги шахсларга уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун имтиёз бериларди. Кейинчалик имтиёзлар ўрнига ойлик пул компенсацияси жорий этилди. Айтингчи, бу компенсацияни кимлар олади? Унинг миқдори қанча?
Самадулло ЙЎЛДОШЕВ,
Касби туманидаги
“Комилон” маҳалласи раиси.
Севара ЎРИНБОЕВА,
Адлия вазирлиги масъул ходими:
— “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармонига асосан, компенсация уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъи назар тўлаб борилади. Компенсация пенсия ва нафақалар тўланадиган тартиб ва муддатларда тўланади.
Президент фармони билан ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилган. Бунда ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахслар учун ҳар ойлик компенсация тўлови — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида (167 минг 400 сўм) тўланади.
Шунингдек, ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи (372 минг сўм) миқдорида қўшимча тўлов белгиланган. Бунда 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар нафақасига ҳар ойда тўланадиган қўшимча тўлов пенсия ва нафақа тайинлаган ташкилот орқали молиялаштирилади.